10:52 / 17.04.2017
16667

Америкалик дипломатлар Лондонда уч ойлик “террорчини” сўроқ қилишди

Американинг Лондондаги элчихонаси ходимлари уч ойлик болани сўроқ қилишди. Бу ҳолат унинг буваси виза анкетасини тўлдириш вақтида чақалоқни хато туфайли террорчи деб атаганидан сўнг юз берди, деб хабар қилмоқда Guardian газетаси.

Нашр маълумотларига кўра, уч ойлик Харви Кеньон-Кэйрнснинг буваси “Террорчилик фаолияти, жосуслик, қўпорувчилик ёки геноцидга алоқангиз борми?” деган саволга хато туфайли “ҳа” жавобини берган. Шундан сўнг болани элчихонага “суҳбат”га чақиришди.

"Мен улар бу хато эканини ва уч ойлик бола ҳеч кимга зарар етказмаслигини тушунишмаганидан ҳайратдаман", - дея Флоридага саёҳат қилмоқчи бўлган 62 ёшли Пол Кеньоннинг сўзларини келтиради газета. 

Унинг сўзларига кўра, бола “сўроқ вақтида ўзини жуда хотиржам тутди ва бир марта ҳам йиғлаб юбормаган”. 

Якунда оила виза олиш учун дастлабки рад жавобидан сўнг қўшимча 3 минг фунт стерлингни сарфлашга мажбур бўлди. Кеньоннинг ўзи эса хатоси “жуда қимматга” тушганини айтган.

Top