14:36 / 17.04.2017
6677

Эрдўған барча томонларни референдум натижаларини тан олишга чақирди

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия демократия ва халқ хоҳиши тамойилларига содиқ қолар экан, ҳар қандай инқирозларга қаршилик қила олади. "2016 йилнинг 15 июлидаги ҳарбий тўнтарув ҳаракатларининг барҳам топиши бунга яққол далил бўлиши мумкин", - дея таъкидлади президент. 

Унинг айтишича, 16 апрелдаги референдум - халқ қатъияти - ўз тақдири, мамлакат келажагини белгилашнинг исботидир. "Анадолу" нашри шу ҳақидаги хабари билан бўлишди. 

Эрдўған референдум натижаларини "овоз берган ҳар бир кишининг ютуғи" дея баҳолади. "Бу 780 минг квадрат километрли майдонга эга бутун Туркия, мамлакатнинг 81 провинциясида истиқомат қилувчи 80 миллион фуқаронинг ғалабасидир", - деди давлат раҳбари. 

Шунингдек у Туркиянинг хориждаги фуқаролари ушбу ғалабанинг ажралмас қисми эканини таъкидлади. "Иттифоқдош-мамлакатлардан терроризмга қарши курашда ҳамжиҳатликни кутиб қоламиз", - деди Эрдўған.

Туркия президенти барча томонларни овоз бериш натижаларини тан олишга, кераксиз баҳс-мунозаралардан воз кечиб, янги ютуқлар сари ҳаракат қилишга чақирди.

Эрдўған президент қароргоҳи олдида фуқароларга мурожаат қилар экан, шундай деди: "Бундан кейин янада жадал ҳаракат қиламиз. Туркия ўз йўлини давом эттиради". 

Top