19:47 / 17.04.2017
4318

Покистон бош вазири АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрликни билдирди

Покистон бош вазири Навоз Шариф 17 апрелда АҚШ президентининг маслаҳатчиси Герберт Макмастер билан музокаралар ўтказди ва Исломободнинг минтақада тинчлик ва хавфсизлик учун Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда Шариф идораси маълум қилди.

Учрашув Покистон ва АҚШ ҳукуматларининг Дональд Трамп ҳокимият тепасига келгандан кейинги биринчи икки томонлама учрашуви бўлди. Таъкидланишича, Шариф ўз ҳукуматининг "Покистонда хавфсизлик соҳасидаги умумий вазиятнинг яхшиланишига олиб келган" ташаббуслари ҳақида Макмастерга маълумот берган. Шариф Покистон террорчилик ва экстремизмга қарши курашда якдилликка эришганини маълум қилди.

Шариф Покистон АҚШнинг анча йиллик дўсти ва ҳамкори сифатида у билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш ва АҚШнинг янги маъмурияти билан минтақада ва унинг ортида тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлашга тайёрлигини айтган.

Шариф Покистон қўшни давлатлар – Афғонистон ва Ҳиндистон билан тотув муносабатларга содиқлигини айтган. Унинг айтишича, Исломобод афғон инқирозини тартибга солиш ҳамда Ҳиндистон билан "барқарор ва сермазмун мулоқотни" қўллаб-қувватлаш устида халқаро ҳамжамият билан ишлашга тайёр. Бундан ташқари, Шариф Трампнинг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддиятга барҳам беришда ёрдам бериш истагини манмуният билан қабул қилган.

Ўз навбатида Макмастер АҚШнинг янги маъмурияти Афғонистон ва Жанубий Осиёда тинчлик ва барқарорлик йўлида Покистон билан икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳакамлаш ниятидалигини билдирди. 

Top