18:00 / 19.04.2017
51008

Лавлаги шарбати мияни ёшартириши аниқланди

Спорт ёки фитнес билан шуғулланишдан аввал лавлаги шарбатини истеъмол қилиш миянинг сезиларли даражада ёшариши ва унинг фаолияти яхшиланишига олиб келади. Олимларнинг Gerontology журналига тақдим этган маълумотлари шу ҳақида. 

"Биз жисмоний машқлар мияга ижобий таъсир кўрсатишини яхши биламиз. Бироқ бизнинг кичик тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, интенсив жисмоний машқлар лавлаги шарбати билан биргаликда кекса ёшли гипертониклар (қон босими юқори кишилар) миясига янада кучли таъсир қилиб, уни ёшларнинг миясига монанд қилар экан", - деди АҚШнинг Уэйк-Форест университетидан Жек Режески.

Лавлаги шарбати фойдали витаминлар, нутриентлар ва микроэлементлардан ташқари, катта миқдордаги нитратлар, азот бирикмаларини ҳам ўзида жамлаган. Азот бирикмаларининг организмга тушиши муҳим биомолекулалар - азот монооксидини ишлаб чиқаришга ёрдам берар экан. Яқинда олимлар лавлаги шарбатининг бундай хусусияти тоғларда яшаш вақтида ёрдам бериши, шунингдек қон босими баланд кишиларнинг ҳаётини яхшилашини аниқлашди.

Режески ва унинг ҳамкасблари таъкидлашича, кекса ёшли кишиларда мия фаолиятидаги кўплаб муаммолар капиллярлар ва миянинг бошқа томирлари фаолиятидаги муаммолар билан боғлиқ. Олимларнинг тахминларига кўра, мунтазам равишда лавлаги шарбатидан ичиб ва бадантарбия билан шуғулланиб, бу муаммоларни баратараф қилиш мумкин.

Улар 55 ёш ва ундан катта бўлган, спорт билан шуғулланмаган ва юқори қон босимидан азият чеккан 26 нафар эркак ва аёл иштирокида кичик тадқиқот ўтказишди. Иштирокчиларнинг ярми ҳафтада уч марта ҳақиқий лавлаги шарбатини истеъмол қилди ҳамда югуриш йўлакчасида соатлик югуриш машқларни бажарди, қолганлар эса - лавлаги таъми берилган рангли сув ичиб, худди шундай жисмоний машқларни бажаришган.

Тадқиқот натижаларига кўра, икки ҳолатда ҳам мия фаолияти яхшиланган, бироқ ҳақиқий лавлаги шарбатини истеъмол қилган нафақахўрлар тажрибанинг бошқа иштирокчиларига нисбатан узоқроққа борган. Атиги 6 ҳафтадан кейин кўнгиллилар миясининг қўл ва оёқлар ҳаракати учун масъул асаб ҳужайралари фаоллиги 30-35 ёшли соғлом кишиларникидек бўлгани қайд қилинган.

Шуниси қизиқки, ҳақиқий бўлмаган лавлаги шарбатини ичган кишиларда бундай ўзгаришлар аниқланмаган. Яқин орада Рожеский жамоаси бундай таъсирнинг қанчалик узоққа чўзилишини текшириб, лавлаги шарбатининг ижобий таъсирини кенг кўламли тадқиқотларда синаб кўришни режалаштирган.

Top