13:24 / 20.04.2017
19964

Мева-сабзавотларни экспортга етказиб бермаган туманлар ҳокимлари лавозимидан олиниши мумкин

Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги маҳаллийлаштириш ва экспорт масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотларни белгиланган ҳажмда экспортга етказиб бермаган туманлар ҳокимлари лавозимидан олиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

2017 йилнинг биринчи чорагида экспорт ҳажми 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ошганига қарамасдан, турли тармоқлар ва ҳудудлардаги қатор корхоналар экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларни тўлиқ бажармагани таъкидланди. Хусусан, «Ўзагротехмаш», «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ҳолдинг компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни корхоналари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги ҳудудий корхоналар томонидан прогноз кўрсаткичларни бажаришда оқсоқликка йўл қўйилган. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган қатор туманлар, жумладан, Олтинкўл (Каримов), Булоқбоши (Махсудов), Қўрғонтепа (Эргашев), Хўжаобод (Исмоилов), Бухоро (Эсонов), Вобкент (Жаводов), Бахмал (Сафаров), Сариосиё (Жўраев), Сирдарё (Назаров) ва Қува (Раҳмонов) туманларида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш прогнозлари бажарилмаган.

Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун «Ўзагротехсаноатхолдинг» (Отажонов), «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг (Рустамов) компаниялари, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти (Зарипов), «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни (Дўстмуротов) раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари фаолияти танқид қилинди.

2017 йилнинг биринчи чорагида мева-сабзавот маҳсулотларини белгиланган ҳажмда экспортга етказиб беришни таъминламаган туманлар ҳокимлари биринчи ярим йил якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларини бажармаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши ёки қолмаслиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминламаган тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларига ўн кун муддатда йўл қўйилган ортда қолишнинг ўрнини тўлдириш ва жорий йил биринчи ярми ва, умуман, 2017 йил якунлари бўйича тасдиқланган экспорт кўрсаткичларига чиқиш мақсадида ҳар бир корхона кесимида мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этишга доир аниқ чоралар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларини, жумладан, ушбу маҳсулотларни етиштиришга ихтисослашган 66 туманда экинларни ўз вақтида экиш, маҳсулотларни тайёрлаш, шартномалар тузиш ва жўнатиш орқали экспорт кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.

Йиғилишда жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг касблар бўйича билим ва меҳнат кўникмаларини шакллантириш, бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб иш шароити яратиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. 

Вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳаллий давлат органларига янги иш ўринлари ташкил этишга кўмаклашиш бўйича янгича тизим яратиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари сўзга чиқди. Кўрилган масалалар муҳокамаси якунлари бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турини мақбуллаштиришни таъминлаш, шунингдек, товарлар, ишлар ва хизматлар экспорти ҳажми ва турларини янада кўпайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди. 

 

Top