21:51 / 23.04.2017
8632

«Арсенал» Англия Кубоги финалига чиқди

Англия Кубоги ярим финалида «Арсенал» «Манчестер Сити» билан ўйнади. Лондондаги «Уэмбли» стадионида кечган учрашув қўшимча вақтларда давом этди ва лондонликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

62-дақиқада Яя Туре майдон марказида тўпни эгаллаб олдинга юрди ва қулай вазиятга чиқиб борган Серхио Агуэрони пас билан таъминлади. Аргентиналик ҳужумчи эса техникасини намойиш этиб, Петр Чехни доғда қолдирди.

71-дақиқада Алекс Окслейд-Чемберлен ўнг қанотдан юриш қилиб, жарима майдонига тўпни узатди ва бу тўпни Начо Монреаль дарвозага жойлаб қўйди.

101-дақиқада Месут Ўзил жарима зарбасини ижро этди, Дэнни Уэлбекка зарба беришга қўйишмади, аммо тўп лондонликлар жамоасининг бошқа бир ҳужумчиси Алексис Санчесга келиб тушди ва бир неча метр масофадан туриь «Сити» дарвозасини ишғол қилди. Ўйинда шу ҳисоб сақланиб қолди ва Арсен Венгер жамоаси йигирманчи марта Англия Кубоги финалида ўйнайдиган бўлди. Бу эса Англиядаги рекорд натижадир. Бу финаллардан 12тасида жамоа ғолибликка эришган.

Англия Кубоги финалида энди «Арсенал» 27 май куни «Челси» билан ўйнайди.

Арсенал – Манчестер Сити 2:1 (0:0, 1:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 62 Агуэро, 1:1 – 71 Монреаль, 2:1 – 101 Санчес.
Арсенал – Чех, Косьельни, Холдинг, Монреаль, Габриэл, Чака, Окслейд-Чемберлен (Бельерин, 105), Ўзил (Коклен, 119), Рэмзи, Санчес, Жиру (Уэлбек, 83).
Манчестер Сити – Браво, Отаменди, Компани, Клиши, Навас, Туре, Фернандиньо (Фернандо, 99), Сильва (Стерлинг, 23; Ихеаначо, 105), де Брюйне, Сане, Агуэро (Делф, 99).
Огоҳлантиришлар: Санчес (25), Фернандиньо (69), де Брюйне (89), Сане (102), Делф (105), Чака (105), Отаменди (115).

Top