09:32 / 24.04.2017
43229

«Қамчиқ» довонида узунлиги 40 метрга тенг кўчки ёриғи пайдо бўлди

А-373 M-39 «Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон—Андижон орқали—Ўш» автомобиль йўлининг 243,7 (166,7) километрида (Наманган вилояти Поп тумани ҳудуди) водий йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонида, 80 м баландликда мавсумий ёғингарчиликлар натижасида узунлиги 40 м га тенг кўчки ёриғи пайдо бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу боис, автоуловлар ҳаракатланишининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, автомобиль йўлининг 243,5 — 243,8 километри ва 229,7 — 230 километрлар оралиқларида Ўш йўналишидаги ярмида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши вақтинча чеклатилиб, Тошкент йўналишидаги ярми орқали икки томонлама ҳаракат амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳудудда хавф бартараф этилмагунга қадар ФВВ, ИИВ ЙПХ, «Қамчиқавтойўл» ходимларидан иборат тун-у кун навбатчилик ташкил қилинди.

Ўзбекистон ФВВнинг хабарномаси:

А-373 «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг 153 (230) километрида ер кўчкиси билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида «Қамчиқавтойўл» ИЙФК ходимлари билан ҳамкорликда хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда «Диққат тупроқ кўчиш хавфи бор», «Тўхташ мумкин эмас» ва «Тўхтаб туриш тақиқланади» йўл белгилари ўрнатилди ҳамда хавфсизлик нуқтаи назардан икки томонлама ҳаракат йўлнинг бир томонига ўтказилди.

Top