20:19 / 25.04.2017
103984

Прописка ҳақида аксиомалар

Дунёнинг барча давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тизими мавжуд. Бу энг аввало тартиб-интизом, хавфсизлик учун зарур. Инкор этилмас, исбот талаб қилмас ҳақиқат. Аммо ҳамма жойда ҳам доимий ёки вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш бир-бирини инкор этувчи талаблар, бир дунё ҳужжат, адо бўлган асаблар, беҳуда учган вақт керак бўлмайди. Буни чет элда яшаётган минглаб ватандошларимиз тасдиқлайди. Келинг, асосан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида муаммога айланган прописка тизимидаги бошқа аксиомалар ҳақида ҳам тўхталсак.

Тошкентда вақтинчалик пропискага қўйиш учун иш жойидан маълумотнома керак, ишга кириш учун эса прописка. Буни ҳеч қандай сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Мантиқсизлик, тамом!

Ўзбекистон Конституциясида ҳар бир фуқаро мамлакатнинг исталган қисмида яшаш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бироқ қонунда белгиланган ҳолатлар бундан истисно деб шу ернинг ўзида ушбу ҳуқуқлар чегараланган. 

Тошкентда 5 кундан ортиқ пропискасиз яшаб бўлмайди. Аммо Тошкентга қачон келгани, қачон кетиши исботловчи тизим мавжуд эмас. Дейлик, сиз Тошкентга бугун ўз машинангизда келдингиз. Буни сизни маҳаллалардан бирида тутиб олган участкавойга қандай исботлайсиз? Паспортингизга Тошкентга киришда муҳр уриб беришса экан, қонунни бузганингизга асос бўлса.

Пропискага қўйдириш 5 кун ичида амалга оширилиши керак. Бу талабни ишлаб чиққан “даҳо”лар инсон омилини қайларгадир улоқтириб юборишган. Барча зарур ҳужжатларни тайёрлаш, тасдиқлашдан ташқари, мутасаддилар олдида навбат кутишлар, сансоларликлар, иш вақтларининг чеклангани, хуллас, қарама-қарши ҳолатлар жараённинг ҳафталаб, ойлаб чўзилишига ҳам олиб келади. Сиз эса 5 кун ичида ё пропискага қўйишингиз, ё келган жойингизга қайтиб кетишингиз керак.

Тошкент – Ўзбекистон пойтахти. Ҳеч қайси қонунда республика даражасидаги ташкилотларда фақат тошкентликлар ишлаши шарт, деб ёзиб қўйилмаган. Шу билан бирга, ҳамма давлат органлари раҳбарлари ҳам асл тошкентлик бўлмаган. Бу ерда “трамвай эффекти” деб номланган ажойиб ҳодисани кузатиш мумкин. Тасаввур қилинг, сиз бекатда интизорлик билан трамвайни кутаяпсиз. У тўлиб-тошиб келди. Амаллаб унга кириб олдингиз, эшиклар ёпилди. Шу ерда сизнинг муаммонгиз тугади. Энди сиз тезроқ манзилингизга етиб боришни хоҳлайсиз холос. Иложи бўлса трамвай бошқа бекатларда тўхтамаса, бошқа йўловчиларни олмаса: шусиз ҳам тиқилинч, вақт кетаяпти, ишга кечикишингиз мумкин. Бирор республика ташкилотига ишга кириб, доимий пропискага қўйдирволган амалдорларга ҳам бошқаларнинг ташвиши мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қолади. 

Тошкентда бирор ишга кирмоқчи бўлсангиз, сиздан маълумотингиз, иш тажрибангиз, эришган натижаларингиз, қўлингиздан нима иш келиши эмас, балки пропискангиз бор ёки йўқлиги сўралади. Энг катта мантиқсизликлардан бири шу. Қўлида дипломи, чет элда малака оширгани тўғрисида сертификати, эришган натижалари ҳақидаги шаҳодатномалардан прописка деган оддийгина муҳр, бир парча қоғоз устун туради. Ёки аксинча, сизни Тошкентдаги бирор корхона ёки давлат ташкилоти раҳбари, деб тасаввур қилайлик. Ишингиз ривожи, катта даромад олиб, рақобатга дош беришингиз учун сизга малакали кадрлар керак. Ҳар куни сизга иш сўраб олтиндан қиммат кадрлар келади. Сиз орзу ва тасаввур қилган мутахассислар. Аммо паспортидаги “тамға” сабабли уларни ишга олишга ҳаққингиз йўқ.

Хуллас шундай гаплар. Катта орзулар билан йирик шаҳарларга интилиш бутун дунёдаги инсонларга хос бўлган табиий ҳолат, табиий жараён. Чунки инсон орзу-мақсадлар билан яшайди. 

Санжар Саид

sanjarsaid.uz

Top