23:29 / 25.04.2017
10325

Сайёр қабул Яшнободда: мурожаатлар ўз жойида ҳал этилди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Тошкент  шаҳри Яшнобод  тумани аҳолиси билан очиқ мулоқот тарзида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда вазирликлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб Тошкент шаҳри Яшнобод туманида истиқомат қилувчи аҳолидан шу вақтга қадар жами 16 554 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 6 648 таси Яшнобод туман ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ.

Тумандан келган мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги бўйича 3 304 та (20 фоиз), банк-молия ва солиққа тортиш масалалари бўйича 1 188 та (7,2 фоиз), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 1 082 та (6,5 фоиз), фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш, паспорт олиш ва пропискага ўтиш масалалари бўйича 1 046 та (6,3 фоиз), меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан, ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 835 та (5 фоиз), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 812 та (4,9 фоиз) ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга оиддир.

Яшнобод туман ҳокимлигига тегишли бўлган мурожаатларнинг 5 565 таси (83,7 фоиз) кўриб чиқилган бўлиб, ҳозирда 1 083 та (16,3 фоиз) мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Ўтган давр мобайнида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 4 985 таси муддати бузилган ҳолда жавоб хати берилган.

Туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тўғри ташкил этмаслик, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрларни жалб этмаслик ҳамда таҳлил ишларини йўлга қўйилмаслик оқибатида жорий йилда жами 373 та муддати ўтган мурожаат юзага келган.

Мазкур сайёр қабул давомида 90дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди ва уларнинг аксарияти асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилиш учун назоратга олинди. Учрашув якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича шаҳар ва туман даражасидаги мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Top