15:00 / 28.04.2017
10709

Журналистика факультети ОАВ тили ва услуби муҳокамасига бағишланган анжуман ўтказди

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети "Услубият ва таҳрир" кафедраси томонидан "Оммавий ахборот воситаларида тил, услуб ва таҳрир масалалари" мавзусида вазирлик миқёсида анъанавий V илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда матбуот, радио ва телевидениенинг мамлакат иқтисоди, фани, маданияти, бутун жамият ҳаёти ривожидаги ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётгани, ОАВ ижтимоий онгни шакллантириш ва акс эттиришнинг муҳим қуроли ҳисобланиши қайд этилди.

Оммавий мулоқот тили ва услуби кундалик умумадабий сўзлашув нутқи эҳтиёжлари ва қонуниятларига асосланиши кераклиги, чунки ахборотни қайта ишлаш ва узатиш жараёнлари уни қабул қилиш ва тушуниш қонуниятларига мувофиқ ҳолда амалга оширилиши ва бу масалалар долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Профессор ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчилар, бакалавриат, магистратурада таҳсил олаётган журналист талабалар анжуманда кўтарилган масалалар юзасидан маърузалар қилишди. Унда иштирок этганлар конференция мавзуси юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Анжуманда ОАВ матнларининг тили, услуби ва таҳрири соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, ОАВ матнларининг таъсирчанлигини ошириш йўллари, ноширлик соҳасини ривожлантириш истиқболлари йўналишларига оид янгиликлар, инновацион ғоялар ва технологиялар борасидаги масалалар журналистика соҳасидаги олимлар, илмий тадқиқотлар ва малакали амалиётчи-журналистлар томонидан муҳокама этилди.

Мазкур анжуманда республика олий ўқув юртларининг журналистика ва филология соҳаси олимлари ва мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, магистрантлар ушбу муаммоларни илмий нуқтаи назардан ечишга ҳаракат қилишди. Бундан ташқари, анжуманда республика ОАВ раҳбарлари ва етакчи журналистларининг иштирок этиши фан билан ишлаб чиқаришнинг интеграллашувини янада оширади.

Конференцияда қуйидаги илмий йўналишлар бўйича шўъбалар фаолият кўрсатди:
1. Ижтимоий ҳаётда журналистиканинг ўрни;
2. Интернет журналистика муаммолари;
3. Матбуот материаллари таҳрири;
4. Аудиовизуал журналистика: тил ва услуб масалалари.

Мазкур илмий-амалий конференция бўлажак журналистларнинг билим, малака ва тажрибасини, журналистик меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Top