00:38 / 29.04.2017
7417

Черногория бош вазири мамлакатнинг НАТОга кириши сабабини тушунтирди

Фото: Reuters

Черногориянинг НАТОда аъзо бўлиши унга узоқ муддатли барқарорликни таъминлайди, давлатнинг хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишига мақбул таъсир қилади, деб айтди Черногория бош вазири Душко Маркович 28 апрелда мамлакат парламентида сўзлаган нутқида. 

"Черногориянинг НАТОга аъзо бўлиши суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимиз, давлатимиз ва фуқароларимиз хавфсизлигининг узоқ муддатли кафолати бўлади. Ташкилотга аъзо бўлиш давлатнинг янада ривожланишига кучли туртки бўлади ва Европа Иттифоқига кириш йўлида ислоҳотларни амалга оширишда кўмак беради ҳамда давлатимиз, иқтисодиётимиз ва жамиятимиз барқарорлигини мустаҳкамлашда таянч нуқта бўлади", деб айтди Маркович.

Унинг айтишича, барқарорлик бизнес учун мақбул муҳитни ва иқтисодий ривожланишни тезлаштиришни таъминлайди ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда кафолат бўлади.  

"НАТОга аъзо бўлиш Черногориянинг халқаро сиёсий мавқеига таъсир кўрсатади. Давлатимиз дунёнинг энг ривожланган давлатлари иттифоқдошига ва муҳим қарорларни қабул қилишда тенг ҳуқуқли ҳамкорига айланмоқда", деб таъкидлаб ўтди бош вазир. 

Унинг айтишича, Черногория каби кичик давлат учун "дунёнинг энг йирик демократиялари ва энг ривожланган иқтисодиётлари ҳамжамиятига аъзо бўлиш минтақавий ва глобал масалаларда ўз манфаатларини илгари суришнинг энг яхши усули ҳисобланади". 

Top