18:49 / 29.04.2017
9116

Қаршида кўзи ожизлар ўртасида компьютер саводхонлиги кўрик-танлови ўтказилмоқда

Жорий йилнинг 26-28 апрель кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номли Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви ва Ўзбекистон КОЖ Қашқадарё вилоят бўлими томонидан ахборот-коммуникация технологиялари билимдонларининг республика тифлофоруми ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, ТАТУ Қарши филиали ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тифлофорум республикада яшовчи кўриш бўйича имконияти чекланган шахслар ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари билан мулоқотни рағбатлантириш, кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг мавжуд билим-савияларини ўстиришга ҳисса қўшиш, кўзи ожиз компьютер фойдаланувчилари ҳаракатини янада жадаллаштириш ва ўсиб келаётган ёш авлод ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилиб олган.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоят бошқарувлари ташаббуси ҳамда ҳамкорлигида уюштирилган  минтақавий тифлофорум доирасида маҳорат дарслари, “Кўзи ожизларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишларида имкониятларни кенгайтириш йўллари” мавзусида давра суҳбати, кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг маҳорат танлови, лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

“Энг долзарб лойиҳа”, “Янгиликка бой лойиҳа”, “Энг илғор ғоя”, “Энг амалий ғоя”, “Муфассал баён этилган тақдимот” йўналишида иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.

Илк бор ўтказилган ушбу анжуман минтақада яшовчи кўзи ожизлар меҳнатда машғуллигини ошириш, уларнинг бандлигини уюштиришнинг ноанъанавий шаклларини излаб топиш, бунда жамият корхона, ташкилот ва муассасаларининг ички имкониятларини ишга солиш, кўриш ногиронларининг меҳнат билан боғлиқ муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш каби долзарб вазифаларни ўз олдига қўйганлиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, ахборот-коммуникация технологиялари билан мулоқотни рағбатлантириш, ривожлантириш, бу борада кўриш бўйича имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратишга жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат бўлиб, “Ўзаро маҳорат тажрибасини алмашиб, ҳаёт имкониятларини кенгайтирайлик!” шиори остида ўтказилаётган тифлофорумда мутахассислар томонидан Total Commander дастурий таъминотидан кўриш бўйича имконияти чекланган кишиларнинг самарали фойдаланиш йўллари, Электрон почта орқали мулоқотларнинг қўшимча имкониятлари, “NVDA REMOTE” дастурини қўллаш, “TEAM TALK” овозли порталида мулоқот қилиш йўлларини ўрганиш тўғрисида маърузалар қилинди.

Тифлофорум доирасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ЎзКОЖ корхоналари ҳамда кўзи ожиз ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

Афтондил Исмоилов

Top