21:15 / 01.05.2017
8049

«Ишонч телефон»лари: мурожаатлар асосан савдо ва терминал билан боғлиқ

Бугун Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имтиёз ва қулайликлар ўзининг самараларини бермоқда, ушбу соҳа вакилларининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши янада ортиб бормоқда.

Бироқ, бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида олиб бориш ва ривожлантириш ўрнига турли хил қонунбузарлик йўллари билан ўз даромадини оширишни ният қилган «ғирром» тадбиркорлар ҳам афсуски учраб турибди.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан барча тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ва ушбу қарорга мувофиқ жорий этилган тартиб-қоидаларни кенг тушунтириш ва содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун кўзда тутилган жазо чоралари юзасидан тегишли огоҳлантириш ҳамда профилактик тадбирлар ўтказиб борилаётганига қарамасдан, айрим нопок тадбиркорлар томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилинмаётганлиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат солиқ хизмати органларининг «Ишонч телефон»ларига 3758 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг аксариятида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб «Терминал» аппаратлари ишлатилмаётганлиги, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.

Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан ташкил этилаётган назорат тадбирлари давомида «Ишонч телефон»ларига келиб тушаётган мурожаатлар ўз тасдиғини топиб, қоидабузарликларни содир этган хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, мазкур мурожаатлар асосида 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Тошкент вилоятидаги бозорлар ва савдо комплексларида жами 230 дан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилди.

Ушбу тадбирлар натижасида 79 та ҳолатда назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик, 75 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган нақд пул тушумини банк кассаларига топширмаслик, 33 та ҳолатда тўлов терминаллари ўрнатмаганлик ва 2 та ҳолатда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда товар нархига нисбатан устама ҳақ қўйиш сингари қоидабузилишлар аниқланган.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг Бухоро вилоят бўлими ходимлари томонидан вилоят марказидаги «Карвон» савдо комплекси, «Марказий» ва «Тўқимачи» деҳқон бозорлари ҳамда «Ситора» автомобиль бозорларида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида ташкил этилган қисқа муддатли назорат тадбирларида назорат касса машинасидан харид чеки бермаслик, 40 дан ортиқ ҳолатда тўлов терминали ўрнатмаслик, 100 га яқин ҳолатда нақд пул тушумларини яшириш орқали уларни банкка топширмаслик ҳамда тўловларни тўлов терминали орқали қабул қилишда қўшимча устама қўйиш ва тўловни пластик карта орқали қабул қилишдан бош тортиш сингари қонунчилик талаблари қўпол тарзда бузилгани аниқланган.

Top