23:39 / 01.05.2017
7524

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари хусусий мулк муаммоларини ўрганишга киришди

Фото: O‘zLiDeP

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда партия шаҳар депутатлик гуруҳи ҳамкорлигида хусусий мулк муаммоларига бағишланган “Хусусий мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш самарадорлигини таъминлаш” мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” йўналишида белгилаб қўйилган устувор вазифаларнинг ижроси, хусусан, Тошкент шаҳрида хусусий мулк ҳуқуқларининг таъмиланиши ҳамда Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва партия депутатлик гуруҳи олдидаги муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Фото: O‘zLiDeP

Тадбирда иштирок этган Давлат рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси масъул ходимининг қайд этишича,қабул қилинган хусусийлаштириш дастурларига асосан Тошкент шаҳридаги давлат активларини хусусий мулкка сотиш ишлари олиб борилмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар умумий қиймати 67 млрд.  909 млн. 453 минг сўмга тенг бўлган 11 та давлат активлари сотилиб, тузилган олди-сотди шартномаларига кўра умумий қиймати10 млрд. 28 млн. 45 минг сўмлик инвестиция мажбуриятларини бажариш ва жами 121 та янги иш ўринларини яратиш назарда тутилган.

Тадбирда сўз олган партия депутатлик гуруҳи вакиллари бу борада олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада эмаслигини таъкидлашди.

— Тошкент шаҳрида аввал ҳусусийлаштирилган “Реле ва автоматика”, “Алгоритм” заводлари, “Тошкент қўғирчоқ” фабрикаси, “сергели мебель” корхонаси ва бошқа кўплаб объектларни хусусийлаштириш яхши натижа бермади, - дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Тўрабек Назаров. —Биргина “Тошкент қўғирчоқ” фабрикасида 3 мингга яқин шаҳримиз фуқаролари меҳнат қилиб, фарзандларимиз учун экологик тоза ўйинчоқлар ишлаб чиқарар эдилар. Аммо бугунги кунда ушбу корхона фаолият юритмаяпти. Хулоса қилиш мумкинки, бу борада хусусийлаштиришга тегишли бўлган ташкилотлар етарлича эътибор қаратмаяптилар.

Фото: O‘zLiDeP

Шунингдек, тадбирда жой муаммоси билан иштирок этган тадбиркорлар соҳа мутахассисларига саволлари билан мурожаат қилдилар.

Нигора Соим, “NigoraMediaGroup” ХК раҳбари:

— Очиқ мулоқотда тадбиркорлигимни кенгайтириш учун давлат тасарруфидаги бўш бинолардан бирини банк кредити эвазига ҳарид қилсамбўладими? деган савол билан мутахассисга юзландим. Унга жавобан Давлат рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси юристи Музаффар Қосимов агар тадбиркорлар фойдаланилмаётган объектларни ҳарид қилиш учун маблағи етарли бўмаса, “Кафолат” фондига мурожаат этишлари мумкинлигини,унда умумий суммаси 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган банк кредитларининг гаров билан таъминланмаган қисми учун, кредитнинг 50 фоизигача таъминот ажратишларини айтиб, йўл йўриқ кўрстди. Тадбирда иштирок этиб, ўзимга керакли маълумотларни олганимдан мамнунман.

Тадбирда шу каби бир нечта масалалар муҳокама этилиб, ҳал этиш бўйича соҳа мутахассисларига аниқ кўрсатмалар берилди.

Top