18:58 / 02.05.2017
5687

Тошкент метросида интернет хизматларини йўлга қўйиш масаласи кўрилмоқда

Фото: ЎзА

Тошкент метросида интернет хизматларини йўлга қўйиш масаласи кўрилмоқда. Шунингдек бу транспорт турида смарт-карталар орқали тўловни амалга ошириш имконлари ҳам ўрганилмоқда. 2 май куни "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг I чорак бўйича берилган ҳисоботида шу ҳақида маълум қилинди. 

Матбуот анжуманида "Ўзбекистон темир йўллари" мутахассислари истиқболдаги режа ва лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтишди. Маълумотларга кўра, темир йўлларида электрлаштириш жараёни ҳамда янги темир йўлларини қуриш бўйича ишлар қизғин давом эттирилади. 

Таъкидлаш жоизки, бугунга қадар электрлаштирилган темир йўллар узунлиги - 4000 километрга яқин. Жумладан, Қарши-Термиз йўналишидаги 325 километрли темир йўл электрлаштирилган. Бу ишларнинг 95 фоизи темир йўл хизматларини тақдим этувчи маҳаллий корхоналарнинг ўзи томонидан амалга оширилмоқда. 

Бундан ташқари, анжуманда акционерлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, жорий йилда навқирон Самарқанд шаҳрида трамвайлар ҳаракати йўлга қўйилгани таъкидланди. Тошкент шаҳридаги Бўзсув канали устида ҳамда Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишмасида темирйўлчилар томонидан муҳташам кўприклар барпо этилгани қайд этилди. 

Top