13:49 / 03.05.2017
8062

Samsung 1-рақамли чип ишлаб чиқарувчига айланиши кутилмоқда

Фото: hi-news.ru

Жанубий Кореянинг Samsung технология гиганти ҳозирда Американинг Intel корпорациясига тегишли дунёдаги энг илғор микропроцессор ишлаб чиқарувчиси ўрнини эгаллашни кўзламоқда. Бу кореяликлар учун жиддий ғалаба бўлар эди, ахир Intel сўнгги 24 йилдан бери бу борада етакчи позицияни эгаллаб келади. IC Insights тадқиқот компанияси мутахассисларининг тахмин қилишича, жорий йилда ўзгариш бўлиши мумкин. Hi-News шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.

Сўнгги йилларда Intel'нинг ўз процессорларига юқори нарх қўйиши Samsung'га фойда бўлди. Кореялик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти қиймати анча ҳамёнбоп, шунинг учун ҳам уларнинг буюртмалари ҳажми катта суръатларда ўсиб бормоқда. 

Таҳлилчилар прогнозига кўра, жорий йилнинг II чораги якунлари бўйича Intel'нинг даромади 14,4 миллиард долларни ташкил қилади, Samsung эса бозорнинг бу сегментида 14,9 миллиард ишлаб олиши мумкин. Бу ерда гап фақат микропроцессорлар ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда. I чоракда чиплар кореяликларга 13,5 миллиард келтирди, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 4,1 фоизга кўп. Intel 2017 йилнинг 3 ойида 14,2 миллиард қўлга киритди ва Samsung'ни бироз орқада қолдирди. 

Samsung'нинг микропроцессорлар ишлаб чиқариш учун масъул бўлими бугунги кунда компания даромадининг асосий манбаи ҳисобланади. Ҳозирда Корея компанияси бозорнинг 11,8 фоизини эгаллаган, Intel эса ўзининг 15,9 фоиз кўрсаткичи билан етакчилик қилмоқда. Бироқ жорий тенденциялар сақланииб қоладиган бўлса, келгусида жанубий кореяликлар америкаликлардан илгарилаб кетишади. Боз устига, Samsung Техасдаги Остин шаҳрида янги фабрика ишга тушиши учун 1 миллиард доллар сарфлади, яқин йиллар ичида эса бутун дунё бўйлаб шундай ишлаб чиқариш корхоналари учун 12,5 миллиард сафарбар этиши кутилмоқда. 

Top