16:07 / 05.05.2017
14879

Электр ҳисоблагичларни ҳар 4 йилда текширувдан ўтказиш қанчалик ўринли?

Хабарингиз бор, сенатор ва депутатлар ҳар ойнинг бошида аҳоли билан мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган масалалар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар билан атрофлича танишиб, уларни ечимини топишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. 

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Улуғбек Саматов ишчи гуруҳ билан биргаликда пойтахтдаги кўпгина жойларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилдилар. 

Жумладан, ишчи гуруҳи аъзолари “Машинасозлар” МФЙда жойлашган Ўзбекистон —Хитой қўшма корхонаси “Электрон Ҳисоблагич” МЧЖ ишчи-ходимлари билан суҳбатлашдилар. Мулоқот давомида ходимлар мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган ҳисоблагичларга 12 йилга кафолат берилишини, “ЎзСтандарт” агентлигининг талабига мувофиқ электр ҳисоблагичларни ҳар тўрт йилда назоратдан ўтказилаётганлиги фуқаролар, давлат корхоналари, таълим муассасалари ва тадбиркорларнинг ортиқча маблағи ва вақти сарфланишига олиб келаётганини таъкидлашди. 

Мутахассисларнинг фикрича, электр ҳисоблагич ҳар тўрт йилда текширилиши (очилиб-ёпилиши, ички қурилмаларни олиб-қўйиш ва ҳ.к.) унинг ишлаш сифатига ҳам таъсир қилади. Шулардан келиб чиқиб, электр ҳисоблагичларни назоратдан ўтказиш муддати масаласини қайта кўриб чиқиш, бу муддатни ҳеч бўлмаса 8 йил қилиб белгилаш таклифини билдиришди. (Маълумот учун, Россия Федерациясида амалдаги қонунчиликка мувофиқ, электр ҳисоблагичлар моделига кўра 8 йилдан 16 йилгача бўлган муддатда тегишли назоратдан ўтказилади.) 

У.Саматов мутахассисларнинг фикрини инобатга олиб, ушбу масалада “ЎзСтандарт” агентлиги раҳбари номига депутатлик сўрови киритишини маълум қилган.

Top