10:04 / 07.05.2017
65423

Руҳий қувватни сўриб олувчи 11 та ёмон одат

Ҳар қандай инсонда ўз олдига қўйган вазифаларга эришиш йўлида сарфланадиган маълум бир руҳий қувват захираси бўлади. Агар бу қувват тугаса, иш унумдорлиги кескин пасаяди. Муҳим ресурслардан мосуво бўлмаслик учун қуйидаги 11 одатдан воз кечиш керак.

1. Режанинг йўқлиги

Қанчалик кўп қарор қабул қилсангиз, шунчалик кўп руҳий қувват сарфлайсиз. Бу қарорлар аҳамиятли ва аҳамиятсиз (масалан, қандай кўйлак кийиш) бўлиши ҳам мумкин.

Ахир ҳар қандай қарор учун қувват сарфланади. Шу сабабли кўплаб машҳур кишилар атайлаб ўзларини чеклаб олишган. Барак Обама, Стив Жобс, Марк Цукерберг каби инсонларнинг гардеробига назар ташлаш кифоя. Уларнинг ҳар бири аксарият ҳолларда омма олдида бир хил кийимда кўриниш беришган. Америкалик тадбиркор ва иқтисодчи Сет Годин эса ҳеч қачон нонуштасини ўзгартирмайди: у фақат банан-ёнғоқли коктейл ичади.

Ечим: ҳар куни эрталаб режа тузинг. Аввало, унга муҳим вазифаларни киритинг. Заруриятга қараб рўйхатни янгилаб туринг.

2. Ҳаддан зиёд режалаштириш

Ҳаддан зиёд режалаштириш ҳам зиёнли бўлиши мумкин. Ўз рўйхатингизни иш, оилавий учрашувлар, спорт билан шуғулланиш каби нарсалар билан тўлдириш жуда осон, лекин буларнинг барчасига улгуриш жуда қийин.

Дам олиш учун бўш вақтга эга бўлиш — мувозанатлашган ҳаётнинг муҳим жабҳаларидан бири. Буни унутиш осон, лекин бўшашиш учун вақт топиш керак.

Ечим: ҳар кунлик иш режасида сизни тинчлантирувчи юмушларга ҳам ўрин қолдиринг. Бу бирор хобби ёки шунчаки китоб мутолааси ҳам бўлиши мумкин.

3. Тартибсизликни писанд қилмаслик

Сиз иш жойингиздаги тартиб унумдорлик каби муҳим аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблашингиз мумкин. Лекин унумдорлик бу жой қанчалик тартибга солингани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, кўз томонидан қабул қиладиган катта миқдордаги стимуллар сиз диққатингизни жамлашга ҳаракат қилаётганингизда мияга катта таъсир қилар экан.

Стол устида эътиборни жалб қиладиган кўплаб нарсалар сочилиб ётса, диққатни жамлашга ҳам катта руҳий қувват сарфланади. Гарчи улар смартфон, товуш ва вибрация берувчи бошқа қурилмалар эмас, қоғоз қистиргич, ён дафтарлар, ичида чой қотиб қолган пиёла каби нарсалар бўлса ҳам.

Ечим: нафақат иш столи устида, ҳамма жойда тартибга риоя қилинг. Бу диққатни жамлашга фойда беради ва шунчаки тинчлантиради.

4. Ишни кейинга ташлаш

Миянгиз чарчаганини ҳис қилганингизда ҳамма ишни кейинга қолдириш истаги пайдо бўлиб қолади. Баъзан бу ўринли: ўзингиздаги бор ғайратингизни сарфлашга қурбсиз бўлсангиз, муҳим лойиҳа устида ишлаш жуда қийин. Лекин ишни кейинга ташлаш руҳий қувватга салбий таъсир кўрсатади.

Ҳаттоки ишни ҳозироқ қилган маъқулми ёки кейинроққа суриш борасида қарор чиқаришга ҳам куч сарфланади. Бажарилмаган ишни эсга олиш ҳам зўриқишга сабаб бўлади. Буларнинг бариси ақлий салоҳият захираларининг емирилишига олиб келади.

Ечим: икки дақиқа қоидасига амал қилинг — агар ишни шу муддат ичида бажаришга кўзингиз етса, уни орқага ташлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрманг. Лекин доим диққатни жамлашга путур етказмасдан икки дақиқалик танаффус қилиб туриш мумкинлигини ҳам унутманг.

5. Перфекционизм

Идеал натижага интилиш — жуда яхши, лекин бариси меъёрида бўлиши керак. 10 та вазифадан ўновини ҳам бажаришга интилиш кўп вақт йўқотилишига олиб келади, лекин сизнинг ҳаддан зиёд тиришганлигингиз эътибордан четда қолиб кетиши ҳам мумкин.

Энг яхшиси — иш кўнгилдагидек бажарилганлигига ишонч ҳосил қилинган онда уни тўхтатиш ва ортиқча уринмасликдир. Сиз бир соат тер тўккан хатни ўқишга бошлиқ узоғи билан икки дақиқа сарфлаши мумкин.

Ечим: ўзингизга иш натижасидан қониққанлигингиз борасида савол беринг. Идеал натижага эришиш учун тонналаб руҳий қувватингизни сарфламанг. Шунчаки, ишни яхши бажаринг — бўлди.

6. Кўп вазифалилик

Тадқиқотларнинг кўрсатиб беришича, конгнитив планда кўп вазифалилик мутлақо самарасиз восита. Бир ишдан иккинчисига ўтиш ҳеч қачон изсиз кетмаган: ҳар сафар сиз қувватингизни шунчаки совурасиз.

Баъзи бир инсонларда кўп вазифалилик туфайли ишининг самарадорлиги ортади. Агар бу сизга ҳам тааллуқли бўлса, шундай давом эттираверинг — бу банд сиз учун эмас. Лекин аксарият инсонлар фақат битта ишни бинойидек бажара олишади.

Ечим: бир вазифалиликни одатга айлантиринг. Pomodoro техникасидан фойдаланиб, бир мақсад йўлида диққатни жамлашни ўрганинг ва шундан сўнг мияга дам беришни канда қилманг.

7. Қайдлар ёзиб боришни истамаслик

Миянгизда нечоғлик кўп ахборот сақласангиз, шунчалик кўп қувват йўқотаверасиз. Бу бозордаги савдо-сотиқ бўладими, дам олиш жойи учун ғоями ёки бирортасининг телефон рақамини эслаб қолишми, фарқ йўқ. Бундай нарсалар ёзиб борилмаса, мия қўшимча зўриқишлар билан ишлашга мажбур бўлади.

Қайдларни ёзиб бориш жуда осон ва фойдали. Компьютер ёки смартфонлар учун ишлаб чиқилган қайдлар яратиш борасидаги иловалар туфайли бирор муҳим нарсани унутмайсиз, ҳаттоки миянгиз мутлақо бошқа вазифалар билан банд бўлса ҳам.

Ечим: қайдларни қоғозда ёки электрон кўринишда ёзиб боринг. Бундай қайдларни ёзар экансиз, гўёки миянгизга “бўлди, оғайни, сен учун бу ишни қилиб қўйдим, бемалол дам олавер”, дегандек бўласиз. Боз устига, нимаики ёзиб қўйиладиган бўлса, хотирада ҳам яхши сақланиб қолиниши ўз исботини топган.

8. Нотўғри озиқланиш

Еяётган нарсаларингиз ҳам меҳнат унумдорлигига катта таъсир ўтказар экан. Оқ нон, гуруч, шакар каби гликемик индекси юқори бўлган хўраклар сизнинг тезда қувватланишингизга ёрдам беради. Лекин ундан кейин дарҳол пасайиш ва чарчоқ пайдо бўлади.

Глиекмик индекси паст бўлган донли маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар ва оқсилга бой бўлган таомлар қувватни анча секинлик билан кўтаради ва ўз-ўзидан, узоқроқ сақланишига замин яратади.

Ечим: озиқланиш тизимини бироз ўзгартириб, кескин фарқни сезиш мумкин. Ёнғоқ, балиқ ва янги резаворлардан еб туринг. Кофеинни кўп истеъмол қилманг. Тўғри, у ёрдам беради, лекин кўп вақтга эмас.

9. Сув етишмаслиги

Етарли даражада сув ичинг. Айнан қанча ичишингиз баҳсли масала, лекин кунига олти–саккиз стакан сув истеъмол қилсангиз, ўзингизни яхшироқ ҳис қила бошлайсиз. Организм салгина сувсизланса ҳам бу ўзингизни яхши ҳис қилишингиз ва меҳнат унумдорлигингизга салбий таъсир қилади.

Агар сиз газли ичимликлар, кофе ёки чой ичишга одатланган бўлсангиз, сувга кўникиш бироз оғир кечади. Лекин уриниб кўришингиз шарт.

Ечим: агар сиз ўзингизни кўп сув истеъмол қилиш учун мажбурлашда қийналсангиз, My Water Balance иловасини юклаб олинг. У кунига қанча сув ичиш кераклигини кўрсатиб, сизни шу ишга чоғлантириб туради.

10. Уйқу етишмаслиги

Ҳеч нарса қувватлантиришда уйқуга тенг кела олмайди. Етарли миқдордаги яхши уйқу вазифаларни сифатли бажариш ва ҳориб қолмаслик учун замин яратади.

Агар сиз кам ухласангиз, миянгиз барча ресурсларни ишга туширишда қийналади. Миянинг қай бир мудраётган қисмини кофеин ёрдамида “уйғотиш” мумкиндир, лекин бора-бора унга нисбтан иммунитет шаклланади. Бундан ташқари, кофе ва энергетик ичимликлар истеъмоли камроқ ухлаш кўникмасини ҳосил қилади, шу сабабли чарчоқ тез ўтгандек бўлади.

Ечим: организмингиз қанча талаб қилса шунча уйқу беринг. Бутун иш куни давомида чарчоқ сезсангиз, кўпроқ ухлашингиз кераклиги аниқ. Аксарият инсонлар учун саккиз соатли уйқу етарли, лекин сиз бу рақамдан қочинг ва ўз ҳолатингиздан келиб чиқиб, мувофиқлаштиринг.

11. Севимли машғулотларга беэътиборлилик

Юқорида тилга олиб ўтилган нарсаларга амал қилинса ҳам, севимли машғулотингизни осонгина унутиш ёки унга вақт ажратишда қийналишингиз мумкин. Ҳобби, видеоўйинлар, китоб мутолааси, ривожлантирувчи курслар — бу рўйхатни янада давом эттириш мумкин.

Ечим: агар кундузги режангизга сиз усиз яшай олмайдиган машғулотни қўшиш керак бўлса — қўрқмай қўшаверинг. Эҳтимол, сиз кунни ўша севимли машғулотингиз билан 20 дақиқа шуғулланишдан бошларсиз. Сизни бўшаштирувчи, табассум бахш этувчи, ҳаётдан баҳра олишга ёрдам берувчи барча нарса кун тартибига киритилишга ҳақли.

Top