08:18 / 08.05.2017
102560

Афсонавий боксчи Руслан Чагаев билан эксклюзив видеосуҳбат

Фото: Kun.uz

Ҳаваскор ва профессионал боксда оламшумул совринларни саралаб олган ўзбек спортчиси Руслан Чагаев яна қадрдон юртига келди.

WBA таснифи оғир вазнида жаҳон чемпиони (2007-2009), WBA оғир вазнда мунтазам жаҳон чемпиони (2014-2016), ҳаваскор бокснинг оғир вазнида икки бор жаҳон чемпиони (1997-2001), ҳаваскор бокс оғир вазн тоифасида Осиё чемпиони – мана шундай ютуқлар эгаси бўлган боксчи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Руслан айни пайтда юртга қайтиб, Андижонда бўлиб турганида у билан Kun.uz сайти мухлислари учун дилдан суҳбат қуришни ният қилдик.

Видеоинтервью давомида жангчимиз ўзи учун ёдда қолган жанглар, болалик хотиралари, устозлари, дўстлари билан бўлган қизиқ воқеалар, оиласи ва фарзандлари  ҳақида сўзлади. Руслан Ўзбекистонда ўзининг бокс мактаби очиши қандай амалга ошиши мумкинлиги, Рамзан Қодиров билан танишиш тарихи, бокснинг сиру-асрорларини қандай эгаллаш юзасидан берилган саволларга жавоб берди.

У болалиги ҳақида гапирар экан шундай деди: “Боксга бўлган муҳаббатим болалигимдан пайдо бўлган. Телевизор орқали кўрган жангларимдан завқланиб, спортнинг шу тури билан шуғулланишга аҳд қилганман. Онамга бу ҳақда айтганимда, у киши эҳтиёт бўлгин, бирор жойинга лат етмасин, деганлар. Чамамда, боксни жуда қўрқинчли спорт, деб ўйлаганлар шекилли. Машғулотлар бошлангач, барчаси оддий эмаслигини, яхши натижага эришиш учун тинмай меҳнат қилиш зарурлигини англаб етдим.

Мана, ҳозир уч ўғлим бор. Каттаси боксга қизиқади. У мендан машғулотларда ёрдам беришимни сўрайди. Аммо бокс йўлида бошимдан ўтган қийинчиликлар, аслида, бокснинг ўзи машаққатли спорт тури бўлганлиги учун, унга айтганман: “Агар ниятинг жиддий бўлса, келажакда боксёр бўлмоқчи бўлсанг, аввал ўқишингни аъло қилгин. Ана ундан сўнг, машғулотларга бефарқ қарама. Агар ҳар икки топшириғимни айтганимдек қилмасанг, мендан қаттиқ сўкиш эшитасан (кулади). Мана ҳозир бир кунда у билан уч маҳал машғулот ўтказамиз. Ўқишлари ҳам жойида”.

Ўзбек тилида яхши гаплашаётгани ҳақида айтганимизда, самимий жилмайганча: “Биласизми, мен хорижда юрган вақтларим у ерда ўзбек тилида сўзлаётган бирор киши кўрсам, ўзимнинг қадрдонимни кўргандек бўлиб кетардим. Мана, Ўзбекистонга келгач, қариндошлар, дўстлар ва ҳамкасблар билан кўришдик. Улар билан шундай маза қилиб ўзбек тилида гаплашдимки, худди ичимдан бир нима тошиб келаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Ўзбек тилида сўзлашиш мен учун ҳар доим завқ бағишлаган”.

Ватан туйғуси ҳақида ёниб гапирган, ҳар бир саволга ўзбекона сўзамоллик, лутф ва чапанилик билан жавоб қайтаргани унинг нафақат спортчи, балки инсон сифатида қандай эканлигини кўрсатиб берди, десам муболаға бўлмаса керак.

Узоқ йиллар жаҳонгашталик билан ҳаёт кечираётган боксчимизда ўзбекона урф-одатлар, тилимизни тўлиқ сақланиб қолгани жуда таъсирли.

Бизни қизиқтирган яна бир савол шу бўлдики, у Ўзбекистонда ўз бокс мактабини очиши мумкинми? Бу ҳақида Русландан сўраганимизда у ўз ниятлари билан ўртоқлашди: “Шундай ниятим бор, албатта. Ўзбекистон ёшларида куч-ғайрат етарли. Шу сабаб уларга ўзимда бор маҳорат ва тажрибани беришни истардим. Лекин мураббийлик касби осон эмас экан, мен буни ўз боламни машғулотларда ўргатиб ҳис қилдим. Жаҳлингиз чиқади, асабийлашасиз... Бироқ кимгадур ниманидир ўргатишингиз ва бу орқали меҳнатингиз мевасини ейиш жуда мароқли бўлса керак, деб ўйлайман. Мураббийлар ҳақида сўз кетган экан, шу ўринда биринчи мураббийим, афсонавий десам ҳам бўлади, Александр Размахов қўл остида 1997 йилда жаҳон чемпиони бўлганман. У кишидан жуда миннатдорман”.

Эътиборингизга, Руслан Чагаев билан бўлган видеосуҳбатни ҳавола этамиз.

Интервьюни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда “Боғишамол” меҳмонхонаси раҳбариятига алоҳида ташаккур билдириб қоламиз.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид
Top