18:06 / 08.05.2017
18296

Россия элчиси: “Иккинчи жаҳон урушида ўзбек ўғлонлари нафақат жанг майдони, балки фронт ортида ҳам қаҳрамонлик кўрсатган”

Фото: Wikimedia

Россия Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган фахрийларнинг жасорати ва фронт бўйича ака-укаларга содиқлигини, улар қаерда истиқомат қилишмасин, юқори қадрлайди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 72-йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали қабул маросимида маълум қилди.

"Ўзбекистон ўз ўғлонлари билан фахрланса арзийди, улар нафақат жанг майдонлари, балки фронт ортида ҳам қаҳрамон бўлганлар. Масалан, Сталинграддаги Павлов Уйининг машҳур ҳимоячиларидан бири бўлган Камол Турғунов ва уруш йиллари улкан мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидан бўлган 15 нафар етим болани ўз қарамоғига олган темирчи Шомаҳмудовлар оиласини бунга мисол келтирса бўлади", - деган элчи.

Анъанага кўра, элчихонага Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 100 нафар фахрий таклиф этилди. Қабул доирасида ўзбекистонликларнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасига бағишланган интернет-танлов якунлари сарҳисоб қилинди. Қабул ўтказилган залда фахрийларнинг севимли куйлари ва уруш йиллари қўшиқлари янгради.

Пойтахтда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 72-йиллигига бағишланган асосий тадбир “Биродарлар қабрлари” мемориал мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади, у ерда ҳарбий госпиталларда ҳаётдан кўз юмган тахминан 2 минг уруш қатнашчиси дафн этилган. Бу ерда тантанали равишда гулчамбарлар қўйилади, ҳарбий оркестр чиқиш қилади.

Шунингдек, Тошкентда 9 май куни байрам салюти ҳам отилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда урушдан аввалги йилларда 6,5 млн. киши истиқомат қилган бўлиб, улардан 1,5 миллиони фронтга кетган. Ортга 420 минг нафар инсон қайтиб келмади. Уруш йилларида 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, собиқ Иттифоқ Қаҳрамони унвони 280 кишига берилган. 82 нафар уруш қатнашчиси эса шон-шуҳрат ордени эгасига айланди.

Top