15:29 / 10.05.2017
6646

АҚШда энг хавфсиз муқобил автомобиль маълум қилинди

Фото: life.ru

АҚШнинг Калифорния штати автотранспорт департаменти 2016 йилда муқобил автомобиллар иштирокида содир бўлган турли ҳодисаларга доир ҳисоботни эълон қилди. 

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йил 1 январ ҳолатига биноан, 21та компания Калифорниянинг умумий фойдаланишдаги йўлларида ўзларининг муқобил (ҳайдовчисиз) автомобилларини синовдан ўтказган. Уларнинг ҳар бири синовлар чоғида кутилмаган вазиятлар сони борасида тўлиқ маълумот беришлари шарт. 

Компаниялар томонидан тўпланадиган маълумотларда муқобил бошқарув тизимидаги хатолар сингари, машиналар ичидаги муҳандислар бошқарувни ўз зиммаларига олишга асос бўлган турли хил кутилмаган ҳолатларни ҳам кўриш мумкин. 

Бу каби ҳолатлар бўйича рекордчи эса, Bosch компанияси автомобиллари бўлган. Гарчи, унинг муқобил автомобиллари сони атиги 3 дона бўлса-да, 2016 йили уларнинг иштирокида 1442та ҳодиса қайд этилган. Германия компаниясининг муқобил транспорт воситаси Калифорния кўчаларида 983 мил* (1573 км) масофа юргани эътиборга олинса, 1 минг мил масофага тўғри келадиган ҳодисалар сони 1466,9тани ташкил этган. 

Иккинчи ўринда, Германиянинг яна бир ишлаб чиқарувчиси — Mercedes-Benz жойлашди. Компаниянинг биттагина муқобил автомобили синовлари чоғида 336та турли хил кутилмаган ҳолатга дуч келинган. 2016 йилда 673 мил масофа ортда қолдирилган бўлиб, 1 минг мил масофага 499,3та кутилмаган ҳолат тўғри келади. 

Ўзига хос аксилрейтингнинг учинчи ўрнига Tesla жойлаштирилган. Компаниянинг 4 дона муқобил автомашинаси 2016 йилда 550 мил масофа юрган, бунда 180та ҳолат қайд этилган. Шундай қилиб, 1 минг мил масофага 327,3та ҳодиса тўғри келиши ҳисоблаб чиқилган.

Бироқ, барча муқобил бошқарув тизимлари ишлаб чиқарувчиларининг иши бу қадар салбий деб ўйлаш нотўғри бўлар эди. Масалан, Google компаниясининг шўъба корхонаси — Waymo 2016 йилда ўз машиналари 124та кутилмаган ҳолатга дуч келганини қайд этган. Технологик гигант компания муҳандислари йўлларга 60та муқобил машиналарни чиқаргани, улар умумий ҳисобда 636 минг мил юргани айтилса, 1000 милга тўғри келувчи ҳодисалар сони 0,2тани ташкил этиши маълум бўлади. 

Германиянинг BMW компанияси ҳам шунга ўхшаш натижаси билан фахрланса арзийди. Уларнинг ягона муқобил машинаси ўтган йили 638 мил масофа юрган бўлса, атиги битта ҳолат қайд этилган. 

*мил – АҚШда масофа ўлчов бирлиги, 1,609 кмга тенг.

Top