21:39 / 11.05.2017
9018

Build 2017 — Microsoft’нинг янги юқори технологияли ишланмалари

10 май куни Сиэтл (АҚШнинг Вашингтон штати)да бошланган Build 2017 конференциясининг илк кунида Microsoft компанияси булутли технологиялар, сунъий интеллектни такомиллаштириш соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва IT соҳасидаги бошқа муваффақиятли ишланмаларни намойиш этди.

Azure булутли хизматидан фойдаланиб, Буюмлар интернети (Internet of Things) қурилмаларини бошқаришнинг мутлақо янги усулини яратгани — компаниянинг муҳим ютуқларидан бири бўлган. Компанияда яратилган Azure IoT Edge иловаси нафақат уй шароитларида, янада кенгроқ чегараларда — офис, корхона ва ишлаб чиқаришда Буюмлар интернети қурилмаларининг ҳаракатини бошқаришнинг уникал имкониятини тақдим этади. Ушбу концепция «ақлли» буюмларнинг кўплаб функцияларини бошқариш имкониятини берадиган «булутли шаҳар» яратиш томон тобора ҳаракат қилавериш кераклигини тақозо этади.

Конференцияда Sandvick швед компаниясининг станоклар парки ишини бошқариш чоғида Microsoft Azure тизимининг имкониятлари намойиш этиб берилди. Кўплаб датчиклар билан жиҳозланган станоклар олинган кўплаб маълумотларни реал вақт режимида булутли сақлаш маконига узатиб туради. Оний лаҳзада қайта ишланган маълумотлар станоклар ишини бошқариш имкониятини тақдим этади, хусусан, кутилмаган носозлик юз берганда станок ишини тўхтатиши ҳам мумкин.

Ишлаб чиқаришни тўлиқ автоматлаштирилганда Azure хизмати ёрдамида ишчиларнинг юзини видеокамералар орқали трансляция қилинаётган видеодан таниб олиш функциясини ишга тушириш мумкин. Шундай қиллиб авария ҳолати рўй берганида тизим ўзи мустақил равишда носозликни бартараф этувчи мутахассисни излаб топади ва у билан боғланади. Ўз навбатида, ишчилар Azure’га уланган смартфонлари ёрдамида керакли ускунани топиш учун уникал қидирув тизимидан фойдаланишлари мумкин. Тизим фойдаланувчига ускунанинг жойлашган ўрнини ёки ундан фойдаланган сўнгги ишчининг исмини кўрсатади.

 

Бироқ Azure’нинг асосий функцияси — ишлаб чиқаришда хавфсизликни таъминлаш, аварияли вазиятни ўз вақтида аниқлаш, уқувсиз ходимларнинг мураккаб ускуналарда ишлашининг олдини олиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилинишини кузатишдан иборат. Бир вақтнинг ўзида, Azure тизими етарли даражада универсал ҳисобланади, у муайян вазифаларни ечишга мослашиб, кичик компьютерлар билан ҳам ишлаши мумкин.

Microsoft томонидан тақдим этилган яна бир янгилик Harman Kardon билан ҳамкорликда яратилган Invoke смарт-карнайи бўлиб, унга Cortana овозли ёрдамчиси ўрнатилган. Ақлли ассистентни ишлатиш гаджет эгасига турли ахборотларни, хусусан, об-ҳаво ва бошқа фойдали маълумотларни олиш имконини яратади. Cortana’ни автомобилларга ҳам ўрнатиш, шу йўл билан автомобиль йўлларидаги тиқилинчларни ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчиларга йўналишни оптималлаштириш имкониятини тақдим этиш кўзда тутилган. Hewlett-Packard ҳам Cortana’ни ўз қурилмаларида ишлатишини таъкидлаган, бироқ қайсиларида эканлигини аниқлаштирмаган.

Microsoft компаниясининг яна бир қизиқ ишланмаси Паркинсон хасталигидан азият чекаётганларга тааллуқли, бу эса Ер куррасида 10 миллион киши, дегани. Касаллик беихтиёр қўл қалтирашига дучор қилади, инсонларга элементар ҳаракатларни амалга оширишда, масалан, қоғозга ёзишда тўсқинлик қилади. Конференцияда Microsoft ходимаси томонидан ишлаб чиқилган билак тасмаси тақдим этилди, у сенсор датчиклар ёрдамида ва кичик вибромоторлар воситасида қўлларни қалтирашдан халос қилади. Паркинсон хасталигига дучор бўлган Эмма исмли қиз билан боғлиқ ҳаётий вазият намойиш этилган. Билак тасмасидан фойдаланиб, у қиз қоғозга ўз исмини ёзган ва тўғри чизиқ чизган.

 

Microsoft компаниясининг навбатдаги маҳсулоти маълумотларни қайта ишламасдан тезкор узатишни таъминлайди. Azure Cosmos DB янги платформаси Data Migration Service’дан фойдаланиб, маълумотларни автоматик режимда булутли сақлаш маконига узатади. Конференцияда Azure Cosmos DB иши Marvel дунёсидаги олдларига Темир Одамнинг барча дўстлари ва душманларини топиш вазифаси қўйилган машҳур қаҳрамонлар мисолида намойиш этиб берилди. Фойдаланувчилар чат режимида қаҳрамонларнинг душманлари ва дўстлари рўйхатини олиб туришган. Барча кўрсатилган маълумотларни кейинчалик мураккаброқ кўринишда — жадваллар, графиклар ва схемаларга айлантириш мумкин.

Ўтган йили Microsoft компаниясининг улкан муваффақиятлари сунъий интеллектни қўллаш ва ривожлантириш соҳасида қўлга киритилган эди. Сунъий интеллектдан фойдаланишга асосланган Конгнитив технологиялар, деб аталувчи технологиялардан ҳозир инсоният фаолиятининг 29 жабҳасида фойдаланилмоқда, масалан, роботлар техникаси ва ўйинлар саноатида.

Ишлаб чиқувчилар, айниқса, инглиз тилидаги сўзлашувни таниб олиш соҳасида алоҳида муваффақиятларга эришишган, бу ерда хато кўрсаткичи 6 фоиздан кам, бу эса сунъий интеллектнинг бу соҳада илк бор инсонлардан ўзишига олиб келди. Сунъий интеллект ёрдамида турли хизматлар (Skype, Facebook, Telegram, Slack) учун ботлар ишлаб чиқиш имконияти тақдим этилди. Ушбу функция ҳар қандай компания учун фирма ва унинг хизматлари ҳақида керакли ахборот бериб турувчи ўз ботини яратиш имконини беради. Масалан, бундай ботлар ресторанлар ассортименти, менюда парҳез ва вегитарианларга хос таомлар бор-йўқлигини айтиб туриши мумкин.

 

PowerPoint дастури тақдимотларни реал вақт режимида таржима қилиш каби янги функцияга эга бўлди. PowerPoint Translator шарофати билан илова матн/овозни бир тилдан иккинчисига автоматик равишда ўгиради. Аудитория ўзини қизиқтирган саволларни бериши мумкин, у ҳам чиқиш қилаётган инсоннинг она тилига ўгирилади. Бундан ташқари, тингловчилар тақдимотнинг боришини Translator мобил иловаси орқали кузатишлари мумкин.

 

Маълумотларни қайта ишлашда Azure платформасининг бир қисми бўлмиш ва нейрон тўрлари билан болиқ айрим ҳаракатларни амалга оширувчи Batch AI Training янги хизматидан фойдаланиб, катта самарадорликка эришиш мумкин. Иш осон кўчиши ва жараённинг арзонлашиши мақсадида барча маълумотлар ва ҳисоб-китоблар Microsoft корпорацияси серверларида сақланади.

Суратлар манбаси: 24gadget

Top