19:12 / 11.05.2017
6519

Халқаро Пресс-клубда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

Фото: kun.uz

Бугун, 11 май куни Халқаро Пресс-клубда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Халқаро Пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши, маҳаллий ва халқаро ОАВ иштирок этди. 

Зайд Раад Ал-Ҳусайн инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги вазият ҳақида фикр билдирар экан, Ўзбекистоннинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтди. У Ўзбекистон ҳукуматининг суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини ошириш ҳамда адолатли ва мустақил суд жараёнларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Олий Комиссарнинг фикрича, ушбу ташаббуслар халқаро андозалар талабларига жавоб беради, шунингдек мамлакат халқнинг фаровонлигини ошириш йўлида ўз ҳамкорлари билан мулоқот учун очиқлигидан далолат беради.

Олий Комиссар Ўзбекистондаги 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг баъзи қисмларини ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашишга тайёр эканини билдирди. 

"Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш учун бироз вақт кераклигини барчамиз яхши тушуниб турибмиз. Энг муҳими, шу жараённинг бошланганидир", - деди меҳмон ва ушбу ўзгаришлар даврида ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур анжуман Олий Комиссарнинг Ўзбекистонга қилган сафари сарҳисоби бўлди. Зайд Раад Ал-Ҳусайннинг юртимизга ташрифи 10 майдан 12 майгача давом этди. 

Top