09:02 / 11.05.2017
14883

Хитойнинг Шинжонг-Уйғур мухтор туманида кучли зилзила юз берди, қурбонлар бор

Фото: BIN FOTO, AP

Хитойнинг Шинжонг-Уйғур мухтор ўлкасида рўй берган 5,5 магнитудали зилзила оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, яна 20 нафари жароҳатланган. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар тарқатди.

Хитой сейсмология маркази маълумотларига кўра, ер ости силкинишлари пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 05.58 да (Тошкент вақти билан 02.58) Қошғар округининг Тошқўрғон-Тожик мухтор уездида қайд этилган. Зилзила эпимаркази саккиз километрлик ер тубида бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз киши қурбон бўлган ва яна камида 20 нафари жароҳат олган. Таъкидланишича, эпимарказдан 20 километр радиусда 580 киши, 50 километр масофада эса – 6200 инсон истиқомат қилади. 

Бундан ташқари, камида 180 та бино вайрон бўлган. Бу ҳақда Шинжонг-Уйғур мухтор ўлкаси сейсмология бошқармаси Weibo ижтимоий тармоғидаги ўз микроблогида хабар берган.

Ҳаммаси бўлиб зилзиладан 789 нафар маҳаллий фуқаро жабрлангани айтилмоқда. 

Top