13:56 / 11.05.2017
5771

Snap компанияси биринчи чоракда 2 млрд доллардан ортиқ зарар кўрди

Фото: Getty Images

Snapchat мессенжерининг эгаси ҳисобланувчи Snap компанияси 2017 йил 1-чорагини 2,2 млрд долларлик зарар билан якунлади. 2017 йил март ойида IPO савдосини ўтказганидан сўнгги илк ҳисоботида шу ҳақда сўз юритилган. 

Компаниянинг 2016 йил 1-чорагидаги зарари 104,6 млн доллар бўлган эди, дейилади ҳисоботда. Шундай қилиб, бир йил ичида компания зарари 20 мартадан кўпроққа ошган. Компания эса бу рақамларни 2 млрд долларни ташкил этган IPO ўтказиш харажатлари билан изоҳламоқда. 

EBITDA бўйича (солиқлар ва кредитлар бўйича фоизларни қўшиб ҳисоблаганда) кўрилган зарар 93,2 млн доллардан 188,2 млн долларга кўтарилган. Таҳлилчилар, ҳисобот даври якунига кўра, бу рақам 181 млн доллар бўлишини тахмин қилишган эди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Snap компаниясининг пул тушуми 2016 йил 1-чорагига нисбатан 286 фоизга ўсиб, 38,8 млн доллардан 149,6 млн долларга етган. Таҳлилчилар бу борада 158 млн доллар бўлишини айтишган эди. 

Умуман, январь-март ойларида Snapchat фойдаланувчилари 1/3га ортган ва 166 млн кишига етган. Бир фойдаланувчидан кўрилган ўртача фойда 0,9 долларни ташкил этган. Бу 2016 йил 1-чораги билан таққослаганда 181 фоизлик ўсишни англатади. Snapchat мессенжерининг асосий рақиби Instagram фойдаланувчилари сони кунига 400 млн кишини ташкил этади, деб ёзади Recode.

Компания харажатлари бир йилда 142,6 млн доллардан 2,4 млрд долларга ортган. Асосий харажатлар умумий ва маъмурий харажатлар ҳиссасига тўғри келган. 

Snap ҳисоботи эълон қилинганидан кейин компания акцияларининг Нью Йорк фонд биржасидаги нархи 25 фоизга арзонлашиб, биттаси 17,23 долларни ташкил этган. 10 май куни ҳисобот эълон қилинмасдан аввал бир акция қиймати 22,98 доллар бўлган. 

 

Top