13:24 / 11.05.2017
8242

Жанубий Корея янги президенти ХХР ва Япония раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот ўтказди

Фото: AP

ХХР раиси Си Жингпин телефон орқали суҳбатида Жанубий Кореянинг янги сайланган президенти Мун Чжэ Инни сайловлардаги ғалабаси билан қутлаб, Корея ярим оролини ядро қуролидан холи қилиш муаммосига эътибор қаратди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениесига асосланган ҳолда ТАСС агентлиги хабар қилмоқда. 

"Биз ўзаро қарашларимизни яқинлаштиришга ҳаракат қилишимиз керак. Умид қиламанки, Сеул Пекин хавотирларига эътибор қаратади, - деган Хитой етакчиси. Биз Корея ярим оролининг ядро қуролидан холи бўлиши, тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг ривожланишига интиламиз". 

Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг янги раҳбари Хитой томони билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирар экан, Пекиннинг "Бир қутб бир йўл" ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Хабар қилинишича, Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳам Жанубий Корея янги сайланган президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Давлат раҳбарлари КХДР атрофидаги вазият бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишларини тасдиқлашган. 

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари яқин қисқа вақт ичида учрашув ўтказишга келишиб олишган. Япония ОАВ маълумотларига кўра, улар июл ойида Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган "катта йигирматалик" саммити доирасида шундай имкониятга эга бўлишади. 

Мун Чжэ Ин 9 май куни Корея республикасида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда 41,1 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган эди. Янги давлат раҳбари инаугурация маросимида икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш учун КХДРга боришга тайёрлигини билдирди. 

Top