08:43 / 12.05.2017
6339

Божхона органлари интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни қандай ҳимоя қилмоқда?

Давлат божхона қўмитасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни божхона органлари томонидан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган кенгайтирилган тартибдаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.uz’га Ўзбекистон Республикаси
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Марказий божхона лабораторияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари ва уларнинг ишончли вакиллари, тадбиркорлар, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок қилишди.

Тадбирда асосий эътибор интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда божхона қонунчилигидаги мавжуд нормалар, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида белгиланган тартиблар ва уларни қўллашга доир муҳим тавсияларга қаратилди.

Ҳар бир давлат, халқнинг жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи, аввало, унинг интеллектуал бойлигига қараб белгиланади. Ўзбекистонда 1991 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти аъзолигига қабул қилинган бўлса, 2005 йил 19 апрелдан Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидалари Ўзбекистонда амал қила бошлади. 

Берн конвенцияси фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солиш, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистоннинг мазкур конвенцияга қўшилиши муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгаларига катта имкониятлар яратди.

Айни пайтда муаллифларимиз асарларидан конвенцияга аъзо 170 дан ортиқ давлат ҳудудида тегишли ҳуқуқларга риоя этилган ҳолда фойдаланилмоқда. 

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда божхона органлари ходимлари ҳам изчил фаолият юритишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бир йил муқаддам амалиётган тадбиқ қилинган Божхона кодексида божхона қонунчилигидаги муҳим янгилик – интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга доир янги нормалар алоҳида боб сифатида киритилди.

12 та моддани ўз ичида қамраб олган мазкур бобда божхона органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чоралари кенг ёритилган.

Хусусан, божхона органлари эндиликда божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туришлари ва тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилишлари мумкин.

Бу эса, энг аввало Ўзбекистонда соғлом савдо муҳитини шакланишига кўмаклашиб, мавжуд инвестицион муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади, инновацион технологияларни олиб кириш ва инвестицияларни жалб қилишда ёрдамчи восита ролини ўйнайди.

Айни пайтда Давлат божхона қўмитаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” электрон шаклда  юритилмоқда ва ушбу реестр Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтининг Очиқ маълумотлар бўлимига мунтазам жойлаштириб келинмоқда.

Ҳуқуқ эгаларининг аризасига асосан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га ҳозирда 86 та товар белгиси киритилди. 

Бунинг учун, дастлаб ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Божхона кодексининг 385-моддаси асосида Давлат божхона қўмитасига интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисида ариза беради.

Ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва мазкур реестрга киритиш тўғрисида ёки киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Мазкур реестрга киритилган ҳуқуқ эгаси божхона назорати остида турган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўрилиши бўйича мурожаат қилиши мумкин. Божхона назоратида ҳуқуқ эгаси томонидан контрафакт деб кўрсатилган товарлар аниқланса, бундай товарларнинг чиқарилиши тўхтатилади. 

Тадбирда мавзу юзасидан кўргазмали тарзда батафсил маърузалар тингланди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Top