12:44 / 13.05.2017
4093

Конте «Челси»нинг АПЛда ғалаба қозонишига нима сабаб бўлганини айтди

«Челси» бош мураббийи Антонио Конте ўз жамоасининг Англия чемпионатида ғолиб чиққани ҳақида ўз фикрларини билдирди. Кўклар тарихдаги олтинчи совринларини 37-турдаги «Вест Бромвич Альбион» билан учрашувдан (1:0) сўнг расмийлаштиришди.

«Ўйинчиларимдан меҳнатсеварлик ва ҳаракатчанлик учун миннатдорман. Улар бу мавсумни ажойиб якунлаш учун бор кучларини беришди. Ушбу ғалабадан сўнг биз бахтли бўлишимиз керак.

Мен Азар ва Педро чарчаб қолди, деб ҳисобладим, бизга кўпроқ энергия керак эди. Батшуайи бу ўзгариш учун менга ажойиб тарзда ташаккурини изҳор этди!

Бу зўр. Менинг Англияга келишим ва маҳаллий анъаналар ҳамда тилга кўникишим, шунингдек муваффақиятсиз мавсумдан сўнг ўйинчиларни яна руҳлантиришим осон бўлмади.

Янги схемага ўтиш ҳақидаги қарор бизнинг мавсумни ўзгартирди. Жамоа учун янги нимадир топиш керак эди, ҳамда 3-4-3 тактикаси ўйинчиларнинг ўзига хос жиҳатларига мос тушди. Яхши ишладик, бу шунчаки омад эмас. Биз ажойиб мавсумни ўтказдик, бироқ Англия кубоги бор.

Ҳар бир ўйинда майдонда футболчилар билан бирга эканлигимни ҳис этаман. Мен ўйинчилар билан бирга бўлиш борасида ўз эҳтиросларим ва хоҳишимни бутун ўйин давомида кўрсатаман. Шундай инсонман. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ўйинчилар билан салбий ва ижобий вазиятларда бирга бўламан. Биз бу совринни ҳаммамиз бирга ютиб олдик», - дея Контенинг сўзларини келтиради BBC Sport.

Top