16:20 / 15.05.2017
8318

Хитой гиперкари Нюрбургрингнинг энг тез машинаси бўлди

Фото: motor.ru

Хитойнинг Nio компанияси ишлаб чиққан EP9 электр гиперкари Нюрбургрингнинг энг тез машинаси бўлди. 1360 от кучига эга машина «Шимолий халқа»ни 6 дақиқа 45,9 сонияда айланиб чиқди. Бу эса Lamborghini Huracan Performante кўрсатган натижадан 6 сонияга яхшироқдир.

Nio EP9 гиперкарини ушбу рекорд юриши чоғида «Ле-Манда 24 соат» пойгасининг 2013 йилдаги бронза медали совриндори, шотландиялик Питер Дамбрек бошқарди. Бироқ, ишлаб чиқарувчи мазкур натижа қайд этилган видеони намойиш этгани йўқ. 

EP9 купеси 4та электр двигатели билан жиҳозланган. У турган жойидан соатига 100 км тезликка 2,7 сонияда эришади, 7,1 сонияда 200 км/с тезликка чиқади. Моделнинг энг юқори тезлиги соатига 313 кмни ташкил этади. Батареялар қуввати 425 кмга етади. 

Nio компанияси ҳар бирининг нархи 1,48 млн доллар турувчи 10 дона EP9 ишлаб чиқаришини маълум қилди.

Фото:  motor.ru

 2017 йил мартида Nio EP9 Нюрбургрингда электромобиллар таснифида рекорд ўрнатганди. Ўшанда у «Шимолий халқа»ни 7 дақиқа 5,12 сонияда айланиб чиққан эди. Бундан аввал, бу борадаги энг юқори кўрсаткич Toyota компаниясининг EV P002 прототипига тегишли эди. У Германиядаги пойга трассасини 7 дақиқа 22,329 сонияда айланиб чиққанди. 

Top