17:01 / 16.05.2017
29763

Трамп ўта махфий маълумотларни Россия билан бўлишгани рост эканини тан олди

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия билан ИШИД ҳақидаги маълумотлар алмашгани рост эканини таъкидлади.

Аввалроқ Оқ уй Трампнинг Сергей Лавровга АҚШ разведкаси томонидан йиғилган маълумотларни етказгани ҳақидаги хабарларни уйдирма деб атаган эди.

«Президент сифатида Россия билан ҳарбий авиапарвозлар хавфсизлиги учун терроризм ҳақидаги маълумотларни баҳам кўришни истадим. Чунки бунга тўла ҳақлиман. Мен Россия ИШИДга қарши курашни самарали олиб боришини хоҳлайман»,- деб ёзади Трамп ўзининг твиттердаги микроблогида.

15 май куни The Washington Post ўзининг Оқ уйдаги аноним манбасига асосланиб Трамп Лавровга ўта махфий разведка маълумотларини берганини ёзганди. Бироқ АҚШ расмийлари бу уйдирма эканини таъкидлашганди. Демократлар эса агар бу гап рост бўлса, бу АҚШ разведкасининг мағлубияти эканини айтишганди.

ОАВ Трамп Лавровга махфий ахборотларни бергани ҳақида ёзди, демократлар ғазабга келди

Таъкидлаш жоиз, АҚШ аҳолисининг катта қисми Доналд Трампнинг Россия билан алоқалари борасида тотал текширув ўтказиш керак эканини таъкидлаб келади. Демократлар вакиллари Ҳиллари Клинтон сайловларда мағлуб бўлгач, Трамп Россия ва хусусан Владимир Путин ёрдамида сайловларда ғалаба қозонганини айтиб келишади. Бироқ Трамп буни рад этиб, мақсади «Американи яна аввалгидай буюк қилиш» эканини қайтаради. У сайловолди учрашувлардан бирида Клинтонга ҳадеб Россияни қоралашдан кўра, АҚШдаги ҳаётни яхшилаш ҳақида ўйлаш лозимлигини айтган эди.

Top