19:32 / 17.05.2017
33979

4 ойга бормай ишдан олинган Избоскан тумани ҳокими ўрнига янги раҳбар тайинланди

17 май куни Халқ депутатлари Избоскан туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда ташкилий масала кўрилди.

«Кун.uz» манбасининг маълумот беришича, вилоят ҳокими иштирокидаги йиғилишда туманга янги ҳоким тайинланган. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов йиғилганларга шу вақтгача ўзига қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар сифатида фаолият кўрсатиб келган Акмалжон Жалолов Насриддиновични туманнинг янги ҳокими сифатида таништирган.

У жорий ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Тоирович Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг Фарғона водийсидаги сафари давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида йўл қўйилган камчиликлар туфайли Избоскан тумани ҳокимлигидан ишдан олинган Улуғбек Раҳимовнинг ўрнини эгаллади. Улуғбек Одашевич Раҳимов туман ҳокимлигига шу йилнинг январь ойи охирида тайинланганди.

Акмалжон Жалолов 1974 йилда Избоскан туманида туғилган, 1997 йилда Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. У 1992 йилда меҳнат фаолиятини Андижон вилояти Пойтуғ пахта тозалаш заводида оддий ишчи сифатида бошлаган, 1997 йилда институтни битиргач, турли йилларда "Андижонсувқурилиш" АЖ бирлашмасида турли лавозимларда ишлаган, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон қурилиш ва қурилиш ашёлари саноати ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши Андижон вилояти вакили, 2008-2010 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2010-2016 йилларда Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган.

Top