20:13 / 17.05.2017
10095

Халқ банки томонидан вилоятларнинг 13 та шаҳрида пенсия тўловлари тўланиши бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Халқ банки республика бўйича пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди. Бу, албатта, мамлакатда истиқомат қилаётган барча ёши улуғ инсонларга хизмат қилиш учун Халқ банкига яна қўшимча маъсулият юклади. Бу ҳақда Халқ банки Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айтиш жоизки, Қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг 13 та шаҳри ва Тошкент шаҳрининг 6 та туманидаги жами 758 та маҳалла фуқаролар йиғинида Халқ банки томонидан пенсионерларга пенсия тўловлари тарқатилмоқда. Жорий йилнинг 1 майидан эса 39 та қишлоқ туманида 1 407 та маҳаллага пенсия тўловлари тўланиши бошланди. 1 июлдан бошлаб Республиканинг барча туман ва шаҳарларида пенсия ва нафақа тўловларини Халқ банки томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинади.

Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсия маблағларини жадвалга мувофиқ посёлка, қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги фуқаролар йиғинларида олишлари мумкин бўлади. Агарда жадвалда белгиланган вақтда пенсияни олишга улгура олмаган шахслар бўлса, улар ўз пулларини бошқа кунларда олишлари мумкин.

Шунингдек, пенсия маблағи уйига олиб келиб бериладиган шахслар рўйхати ҳам тузиб чиқилиб, пенсия ва нафақаларнинг махсус кассалари жойлашишида қандайдир ўзгаришлар бўлса, пенсия олувчилар банк, шунингдек, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хабардор этилади. Айни дамда, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки билан биргаликда пенсия ва нафақалар тўланишини онлайн-режимда СМС-хабардор этиш тизимини амалга татбиқ этиш, шунингдек, маблағларни тўлаш жараёнини автоматлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Албатта, бу ҳали бошланиши. Олдинда амалга оширилиши кўзда тутилган кўплаб режалар турибди. Шундан келиб чиқиб, банкнинг барча туман ва шаҳар филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил қилиниб, малакали мутахассислар билан тўлдирилмоқда.

Яна бир маълумот. Халқ банки тизимида пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича барча маъсул ходимларга ўқув-семинарлари ташкил қилиниб, уларнинг тезкор хизмат кўрсатишлари учун билим ва малакалар бериб борилмоқда. Хизмат сифатини янада ошириш мақсадида банкнинг марказий аппаратидан малакали банк ходимлари бириктирилиб, улар филиалларга ва жойлардаги кассаларгача бориб, пенсия маблағларини тўлаб беришда амалий ёрдам беришмоқда.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ва пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда қарорнинг мазмун-моҳияти, ижросини таъминлаш бўйича семинарлар ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ҳамда пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича дислокация (махсус жойлар) ва тарқатиш кунлари бўйича графиклар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, фуқаролар учун зарур бўлган маълумотлар билан таъминланган ҳолда кўринадиган жойга жойлаштирилди.

Пенсия маблағларини нақд пулда ўз вақтида тўлаб берилиши юзасидан Марказий банк билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Top