22:13 / 17.05.2017
16800

Самарқандлик Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари учун катта байрам тадбири уюштирилди

Иккинчи жаҳон урушига Самарқанд шаҳридан 26 минг 540 нафар фуқаро сафарбар этилган. Улардан 10 минг 579 нафари урушдан қайтиб келмаган. Шундан кўриниб турибдики, машъум уруш жуда кўп хонадонга оғир кулфат ва мусибат олиб келган.  

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд шаҳрида ҳам 9 май — Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланди. Бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш бўйича шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниб, тасдиқланган чора-тадбирларга асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, жойларда байрам тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати “Кун”га хабар бермоқда. 

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийси ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлаш жоиз.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 31 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг махсус табрикномаси, автомашина учун сертификат, 2 миллион сўм пул мукофоти, озиқ-овқат маҳсулотлари, костюм-шим ва бошқа совғалар топширилди. Шунингдек, 386 нафар фронт орти меҳнат фахрийси ҳолидан хабар олинди. Уларга ҳам совға-саломлар топширилди. 

Жорий йилнинг 3 май куни ўтказилган байрам тадбирида 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси иштирок этди. Уларнинг ҳар бирларининг уйларига автомашиналар юборилиб, байрамдаги иштироклари таъминланди.

Ўтказилган тадбирлардан ва кўрсатилган ғамхўрликлардан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти меҳнат фахрийларидан Рашид Раҳмонов, Михаил Васильевич Колмогоров, Георгий Аветисович Газаров, Абдулло Каримов, Исаак Молочников ва Неля Саркисовалар Президентимизга самимий миннатдорлик билдиришди.

Top