15:19 / 17.05.2017
24074

“Ишламаётган” газ ҳисоблагич ортидан келиб чиққан товламачиликлар

Фото: Kun.uz

Мен 1930 йилда Россия Федерациясида туғилганман. Миллатим рус. 1955 йилда тақдир тақозоси билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманига келиб, муқим яшаб келяпман. Уч нафар фарзандим бор. Ҳозирда уларнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Турмуш ўртоғим 1974 йилда оғир касаллик туфайли оламдан ўтган. Унга қадар турмуш ўртоғим билан «Қибрай» совхозида меҳнат қилганмиз. Ҳозирда нафақадаман, 300.000 (уч юз минг) сўмдан зиёд нафақа оламан.

Энди Сизнинг сайтингизга мурожаат этишга мажбур этган воқеа тўғрисида батафсил тўхталсам.

Жорий йилнинг февраль ойида хонадонимга ўзини «Қибрай туман газлаштириш идорасиданман», деб таништирган Султонмурод исмли бир кимса кириб келди. У уйимга ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичини кўздан кечириб, томдан тараша тушгандек: «Ҳисоблагичингиз кўпдан буён ишламаётган экан, нега бундан бизни хабардор этмадингиз?», деб сўради.

Мен унга: «Бу бўлиши мумкин эмас! Ҳар ойда назоратчилар келиб, текшириб кетишади», дейишим ҳамоно Султонмуроднинг фиғони фалакка чиқди: «Ҳисоблагичингиз ишламаётгани учун тезда 2.000.000 (икки миллион) сўм пул берасиз! Бўлмаса, ҳозироқ газингизни ўчириб кетаман!», — деб туриб олди.

Мен ичкарига кириб, 2016 йил 10 октябрда ҳисоблагич давлат қиёслаш кўригидан ўтказилгани ва унинг кафолат муддат 2020 йилга қадар эканини тасдиқловчи кафолат сертификатини олиб чиқдим.

Султонмурод сертификатга кўз югуртирган бўлса-да, ўз шаштидан қайтмади. Ўртага қўни-қўшнилар аралашишига тўғри келди:

— Ҳой, сизда инсоф борми ўзи?! Мана шундай совуқда 87 ёшли қария газсиз қандай ўтиради?

— Бу мени қизиқтирмайди! Ҳисоб-китоб қилгани мен эртага келаман. Айтган пулни тайёрлаб қўйинг! Эртага ёшингизга қараб ўтирмайман.

Шу куни қаттиқ асабийлашганим туфайли қон босимим 220 га чиқиб кетди. Туни билан мижжа қоқмадим: ахир газнинг пулини доимо тўлаб турган бўлсам...

Қизимни чақиртириб, укол олдим ва унга бўлган воқеани борича айтиб бердим. Қизим эса, ўз ўрнида, турмуш ўртоғига айтиб берибди. Эртаси куни куёвим туман газлаштириш идорасига бориб идора бошлиғи Абдужамил Жўраев қабулига кирибди ва ундан шу гапларни эшитибди:

— Султонмурод ва бошқа ўн уч нафар ходимни бугун ишдан бўшатиб юбордим. Агар газ ҳисоблагичингиз ишламаётган бўлса, унда Санжарга учрашинг, — деб бошлиқ Санжарнинг телефон рақамини ёзиб берибди.

Ниҳоят, куёвим Санжарни топиб, унга бор гапни тушунтирибди..

— Дўстлик, 19-хонадонда мен ҳам бўлганман. Ҳеч ким қарияга товламачилик қилгани йўқ. У билан гаплашган гапларимизни диктофонга ёзиб олганмиз.

Куёвим Санжарга ҳар қандай одамнинг овозини берухсат ёзиб олиш, видеоёзув ва тасвирга олиш қонунга зид эканини эслатиб қўйибди.

— Эртага қайнонангизнинг уйига одам жўнатиб, бу масалани ҳал этамиз, — деб ваъдани қуюқ қилибди Санжар Алматов.

Бироқ Санжарнинг одамлари эртасига ҳам, ўн кундан кейин ҳам хонадонимга келишмади. Наврўз байрамидан кейин куёвим яна Санжарнинг ҳузурига боришга мажбур бўлди. У ҳамон ёлғон ваъдаларни беришдан чарчамас эди:

«Бу ёғда иш кўпайиб кетди, бу ёғда ҳар куни комиссия келади. Бугун, албатта, боришади».

«Тошкентгазтаъминот» унитар корхонасининг Қибрай тумани филиалида бўлинма бошлиғи бўлиб ишловчи Санжар Алматовнинг ваъдасига ишонмай қўйган куёвим мени бу гал огоҳлантирмаган эди. Шундан бўлса керак, Санжарнинг қўлида ишлайдиган Алишер Қосимовнинг «ташрифи»дан бехабар қолибман.

Менинг қулоғим яхши эшитмайди. Махсус аппарат ёрдамида гаплашаман. Шу боис, Алишернинг чақирувларини эшитмабман. Унга қўшниларим менинг қулоғим оғирлигини айтганига қарамай, унинг хуноби ошиб, эшикни бузибди ва ичкарига кирибди. Унинг ортидан қўни-қўшнилар киришган. Алишер ҳисоблагични турган жойидан бузиб, газни бутунлай ўчириб қўймоқчи бўпти.

Ён қўшним мени ётган жойимдан айтиб чиқишди. Мен: «Нима қиляпсизлар?», деб сўрасам, у «Ҳисоблагичингиз ишламаяпти. Уни созлашга олиб кетяпмиз!», деди.

«Нега газни ўчирдингиз?» — десам, «Қарзингиз бор, уни тўлаб қўйсангиз, кейин улаб берамиз!» , деб жавоб қайтарди.

Мен унга: «Ҳеч кимдан ҳеч қанақа қарзим йўқ! Тўловларни ўз вақтида тўлаб турибман-ку!», деб тўлов қоғозларини кўтариб чиқдим. Бироқ Алишер инсофга келмади. Тўлов қоғозларини номига бўлса ҳам қўлига олмасдан, кўчага чиқиб кетди. Ҳозирги кунгача ҳисоблагич ечилган жойдан ҳамон газ ҳиди анқиб турибди.

«Қибрайтумангаз» ходимларининг бундай босқинчилардай хатти-ҳаракатларидан, қўрс, қўпол муомаласидан фиғонимиз фалакка чиқди. Куёвим эртаси куни эрталаб яна туман газ идораси бошлиғи Абдужамил Жўраев қабулига кирибди.

Бошлиқ бу гал куёвимга абонентлар бўлимига учрашишни маслаҳат берибди.

Бошлиқ айтган абонентлар бўлинмаси бошлиғи Улуғбекка учраганида у кимгадир қўнғироқ қилиб, ёнига кечагина уйимга келиб ҳисоблагични ечиб, газни ўчириб кетган Алишер Қосимовни чорлабди. У гап нима ҳақидалигини билиши билан: «Дўстлик, 19-уйда яшовчиларнинг икки миллиондан зиёд қарзи бор», дебди.

— Бу одамни хонангга олиб бориб гаплаш, — дебди Улуғбек унга.

Алишер компьютерини очиб, узоқ ҳисоб-китоб қилибди-да, куёвимга:

— Ака, қайнонангизнинг қарзлари икки миллион эмас, тўрт миллион экан! — деб ўдағайлаб кетибди.

— Қанақасига!? Бу бўлиши мумкин эмас! Қайнонам газ ва бошқа коммунал хизмат тўловларини ўз вақтида тўлаб келади-ку?! — дебди куёвим.

— Мана компьютерда ҳаммаси ойдай кўриниб турибди. Бу хонадонда беш нафар одам яшайди.

— Тўхтанг-тўхтанг! Нималар деяпсиз? Бу хонадонда битта қариядан бошқа ҳеч ким яшамайди. Рўйхатда ҳам бир ўзи туради. Мана унинг ҳужжатлари, — куёвим тушунтиришга ҳаракат қилибди.

Алишер Қосимов куёвим тақдим этган ҳужжатларни кўздан кечириб, бошқатдан ҳисоб китобга ўтирибди. Кейин шу йил 7 апрелдан тузилган далолатнома остига 792.736 сўм, деб ёзиб берибди. Ана, холос! Ҳозиргина қарзингиз тўрт миллион деб турган одам, энди 792 минг сўм деб турса?! Бу қанақаси ахир! У яна бир марта ҳисоб-китоб қилса, ким кимдан қарздорлиги маълум бўларди.

Ушбу хатни Сизга юборишдан аввал мен куёвимга вилоятдаги раҳбарларга учрашиб, бошқатдан ҳисоб-китоб қилдиришни илтимос қилдим. Зора, ҳамма нарса шу ерда ҳал бўлса, деган умидда.

Куёвим 2017 йил 28 апрель куни эрталаб «Тошкентгазтаъминот» унитар корхонаси директори Бедил Алимов ҳузурига борди. Афсуски, қоровул уни ичкарига киритмабди. Қоидаси шунақа эмиш, қабулга келганлар эшик ёнида неча соат бўлса-да, тик туриб, кутиб туришар экан. Нега тик оёқда, дейсизми? Чунки идорага келган одамлар учун ўтирадиган жой ҳам йўқ экан-да. Бу идорага кунига бутун вилоятдан қанчадан-қанча одамлар — ёшу қари, турли касб эгалари келиб, эшик ёнида қоқилган қозиқдай сарғайиб туришар экан.

Ниҳоят, қоровул қабулхонага қўнғироқ қилиб раҳбарнинг қабулига кириш учун яна бир отахон келганини айтибди. Котиба уни кутиб турсин, ҳозир бошлиқнинг хонасида мажлис бўляпти, дебди.

Директор тушга яқин куёвимни қабул қиладиган бўлибди. Куёвим бошлиқнинг хонасига кирса, у ерда «Қибрайтумангаз» идорасининг абонентлар бўлинмаси бошлиғи Улуғбек ўтирган экан...

Бошлиқ Улуғбекка куёвимни кўрсатиб:

— Бу одамни танийсизми? — деб сўрабди.

Улуғбек: «Ҳа, бу одамнинг қайнонасининг газдан икки миллион сўм қарзи бор», — дебди.

— Сиз Алишер Қосимовнинг сўнгги ҳисоб-китобидан хабарсиз экансиз. Унинг сўнгги ҳисоб-китоби бўйича 792.736 сўм чиқди, — дебди куёвим далолатномани кўрсатиб.

Директор Бедил Алимов бу гапни эшитгач, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб:

— Бўпти, 792 минг сўм пулни тўлаб қўйинглар, кейин гаплашамиз, — дея кетишга ҳозирланибди.

Куёвим бошлиққа менинг ёшим 87 далигини, газсиз қийналаётганимни айтиб, пул масаласи ҳал бўлгунча газни улашга ёрдам беришини сўрабди.

— Бизни истеъмолчиларнинг ёши қизиқтирмайди. У ёш бўладими, қари бўладими, қарзини тўлаб қўйса, газни ёқиб берамиз! — дебди бошлиқ.

Бу катта бир вилоятдаги «обрўли» идора раҳбарининг гапи!

Мен сизга туманимизда шу кунларда содир бўлаётган сансалорлик, оворагарчиликлар, товламачиликлар ҳақида озгина ҳикоя қилиб бердим. Агар гапимни инобатга олиб, ўзингиз вақт топиб, бу идорага бир қадам ранжида қилсангиз, газлаштириш идораси бошлиғи Абдужамил Жўраев одамларни қандай сарсон-саргардон қилиб кунини беҳуда ўтказаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Кадрлар қўнимсизлиги тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Эшитишимча, «Қибрайтумангаз» идораси давлатдан жуда катта миқдорда — тахминан бир юз эллик етти миллиард сўм қарзи бор экан. Қибрай газ идорасидагилар мана шу қарзларини биз фахрийлар ҳисобидан ёпиб олишмоқчимикин?! Энди айтинг-чи, яна қанча муддатгача газсиз ўтиришим керак?! Бу инсофсизларни ўзбошимчаликлари учун тергайдиган ташкилот борми ўзи?!

Ҳурмат ва эҳтиром билан, Екатерина Коновальцова

Таҳририятдан: Екатерина Петровна газдан фойдаланганлик учун пулларни ўз вақтида тўлаётганини, уйида бир ўзи пропискада туришини, газ ҳисоблагични яқиндагина синовдан ўтказганлигини иддао қилмоқда. Биз «Тошкентгазтаъминот» унитар корхонасининг Қибрай туман бўлими айни масалага виждонан ёндашишини сўраб қоламиз.

Top