18:01 / 18.05.2017
21420

Бир аёлнинг безорилиги 40 млн сўмдан ортиқ моддий зарар етказди

Тошкент шаҳар ИИББ бўлиб ўтган матбуот брифингида бир аёлнинг безорилик билан ички ишлар идораларига ёлғон хабар бергани 40 млн сўмдан ортиқ моддий зарар етказгани ҳақида маълум қилинди. Шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг 13 май куни соат 10:00ларда, ўзини “Шодмонова Шаҳрина Алишер қизи” деб таништирган шахс Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармасининг “102” рақамига қўнғироқ қилиб, Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган “Мегапланет” гипермаркетининг 3-қаватида 2 нафар ҳижоб ўраган аёллар, ушбу бинода “бомба” борлиги ҳақида гаплашаётганликларини эшитиб қолганлиги ҳақида хабар берган.   

Мазкур хабар асосида Ички Ишлар Вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси ва бошқа махсус хизматларнинг ходимлари “Мегапланет” гипермаркетига зудлик билан етиб бориб, ўрнатилган тартибда фуқароларни бинодан эвакуация қилиб, махсус воситалар билан текширилганида, бинода портловчи моддалар йўқлиги аниқланган. 

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 14 май куни соат 11:00ларда, ўзини “Шодмонова Шаҳрина Алишер қизи” деб таништирган шахс, такроран Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармасининг “102” рақамига қўнғироқ қилиб, Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган “Макро-Самарқанд дарвоза” гипермаркетининг 3-қаватида 2 нафар ҳижоб ўраган аёллар, ушбу бинода “бомба” борлиги ҳақида гаплашаётганликларини эшитиб қолганлиги ҳақида хабар берган.    

Мазкур хабар асосида Ички Ишлар Вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси ва бошқа махсус хизматлар ходимлари “Макро-Самарқанд дарвоза” гипермаркетига зудлик билан етиб бориб, ўрнатилган тартибда фуқароларни бинодан эвакуация қилиб, махсус воситалар билан текширилганида, бинода портловчи моддалар йўқлиги аниқланган. 

Олиб борилган тергов-тезкор чора-тадбирлар натижасида мазкур жиноятни муқаддам ўғрилик жиноятини содир этганлиги учун судланган Ақмарал Исабекова содир этганига ойдинлик киритилган. 

Фуқаро Исабекованинг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида  давлат ва жамият манфаатларига жами бўлиб 40 млн сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. 
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди, яъни “безорилик” аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан  қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Top