19:45 / 18.05.2017
14167

Эрон АҚШнинг санкцион босимига жавоб қайтарди

Фото: musavat.com

Эрон ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг тўққиз жисмоний шахси ва компаниясига қарши санкциялар киритди. IRNA агентлиги шу ҳақда хабар берди.

"Улар инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ва (Исроилнинг) сионистик режим томонидан мустамлакага айлантирилган ҳудудларда содир этилган жиноятларга алоқадордир", - дейилади Ислом Республикаси ТИВ баёнотида. 

Эрон санкциялари хусусан Исроил Ҳарбий денгиз кучлари (ҲДК)  учун корветлар етказган Huntington Ingalls Industries кемасозлик фирмаси, шунингдек Booz Allen Hamilton хусусий разведка компаниясига қарши йўлга қўйилган. Теҳронга кўра, компания ходимлари Марказий разведка бошқармаси (МРБ) билан узвий боғлиқ бўлиб, Эронга нисбатан қўпорувчилик фаолиятини амалга оширишади. 

Ҳужжатда айтилишича, Теҳрон Эроннинг ракета дастурини амалга оширишга жалб қилинган бир қатор фирма ва жисмоний шахсларига нисбатан АҚШ томонидан жорий қилинган санкцияларга шу тариқа жавоб қайтарган. 

Эрон АҚШ маъмуриятининг бу қарорини номақбул, ноқонуний ва халқаро нормаларга зид эканини таъкидлаган.

Американинг Ислом Республикасига нисбатан санкцион рўйхатининг кенгайиши 17 май куни маълум бўлди. Чекловлар Эрон корхоналари ва фуқароларидан ташқари, Хитой компанияларига нисбатан ҳам жорий қилинган.

Top