19:48 / 19.05.2017
5804

2017 йилнинг 4 ойи давомида 120 мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига биноан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилиниши Ўзбекистондаги осойишталик, хотиржам ва маъмур ҳаётнинг таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирларда аҳолининг кундалик эҳтиёжига боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Натижада барча қишлоқ ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни халқ осойишталигини мустаҳкамлаш борасидаги оддий тарғибот эмас, амалий аҳамиятга эга тадбир сифатида ўтказилмоқда. 

Ўтаётган ҳафта пайшанбасида ҳам кенг миқёсда ташкил этилган профилактик тадбирларга Ўзбекистонда ҳудудидан ички ишлар органлари билан бир қаторда кўплаб фуқаролар ҳам кўнгилли равишда иштирок этди. 
           
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароитини тизимли равишда ўрганиш мақсадида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ташкил этиб келинаётган тадбирларда паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний ўқ отар қуроллар ва наркотик воситаларни сақлаш ҳолатлари аниқланмоқда.

Мазкур йўналишда кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг охирги тўрт ойи давомида 120 мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 400 нафарга яқин қидирувдаги жиноятчилар қўлга олинди. Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбири сифатида 180 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Асосий эътибор, вояга етмаганлар ва ёшлар тарбиясига қаратилиб, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг таълим муассасаларидаги давоматини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, жорий йилнинг апрель ойида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг даражаси 0,7 фоизга, ёшлар ўртасида 2,1 фоизга, шу жумладан коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида 19,2 фоизга, олий таълим муассасаларида 31 фоизга камайди.

Top