00:19 / 19.05.2017
24242

​Ҳасанбой Дўстматовни орзиқиб кутган Андижондаги “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларининг қувончи

Фото: "Кун"

Бир ой аввал Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси Kun.uz сайти билан ҳамкорликда Андижон шаҳридаги “Болалар шаҳарчасида” таниқли футболчилар билан учрашув ташкил қилган эди. Ўз суюклилари билан бир майдонда тўп сурган меҳрга ташна болажонлар роса қувнаб, яйрашди.

Тарбияланувчилар билан хайрлашиш чоғида кичкинтой қизалоқ барчанинг номидан бошқарма мутасаддиси Озодбек Саидовга: “Ҳасанбой Дўстматов ҳам бизни кўргани келадими?” дея мурожаат қилганди. “Боксчимиз ҳозир муҳим мусобақаларда иштирок этяпти. Фурсат бўлишига албатта келади!”,- деган жавобдан сўнг болажонлар ўз қаҳрамонларини орзиқиб кута бошладилар.

Бу орада Ҳасанбой бокс бўйича Осиё чемпионатида иштирок этиб, барча рақибларни доғда қолдирди. Сўнг Самарқандда Uzbek Tigersнинг Cuba Domadores устидан қозонган ғалабасига салмоқли ҳисса қўшганидан хабарингиз бор. Мусобақалар оралиғидаги танаффусдан унумли фойдаланган Олимпия ўйинлари ва Осиё чемпиони “Болалар шаҳарчаси”га келиб, масканда меҳмон бўлди.

Ширинтойлар чемпион билан учрашувга жиддий тайёргарлик кўришганига гувоҳ бўлдик. Улар меҳмонларга кичик концерт дастури намойиш қилиб бердилар. Дастурдан сўнг эса Ҳасанбойни турли саволларга “кўмиб” ташлашди. Бир сўз билан айтганда бекаму-кўст шарт–шароитларда камол топаётган болакайлар боксчимиз билан дилдан суҳбат қурдилар. Ҳасанбой Дўстматов тарбияланувчиларга юрт байроғини жаҳон майдонларида юксакларга кўтариш учун аввало билимли ва изланувчан бўлиш кераклиги ҳақида гапирди.

Тадбир якунида ўқув жараёни ва спортда бошқаларга ўрнак бўлаётган ўқувчилар чемпион томонидан спорт анжомлари билан тақдирландилар.

Андижон шаҳридаги "Болалар шаҳарчаси" юртимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Мазкур мажмуа 16 та замонавий уй-жой, ёпиқ сузиш ҳавзаси, бокс ва гимнастика заллари, стадион, ёзги амфитеатр ҳамда мусиқа залини ўзида мужассамлаштирган. Масканда 80 нафар тарбияланувчи таълим ва тарбия олади.

- Болаларни боксга бўлган қизиқишини кўриб, масканда ушбу спорт тури бўйича тўгарак очишни мақсад қилдик, -дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Озодбек Саидов.

Лойиҳа, Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда Kun.uz сайти ахборот ҳамкорлигида амалга оширилди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top