16:08 / 19.05.2017
12813

Таълим муассасалари маънавият соатларида ислом динининг маърифий-тарбиявий аҳамиятидан фойдаланиш тавсия этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида “Инсон ва оила манфаати – жамият фаровонлиги”мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. 

Анжуманни ташкил этиш ва ўтказишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Халқ таълими вазирлиги, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси ҳамкорлик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Нарбаева оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган энг муҳим вазифаларни санар экан, уларнинг ечими билан боғлиқ муҳим тавсия ва таклифларини билдирди.

Анжуманда сўзга чиққан БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги вакили Миеко Ябута жаҳон миқёсидаги демографик муаммолар, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг поймол қилиниши, уларнинг саломатлиги, соғлом турмуш тарзи ва бошқа масалалар юзасидан фикр билдирди. 

Мазкур анжуман якунида қуйидаги тавсиялар қабул қилинди:

1. Давлат даражасида қабул қилинган ҳужжатларнинг жойлардаги ижросининг таъминланиши жамоатчилик назорати гуруҳларига юклатиш;

2. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг гендер экспертизасини жорий этиш;

3. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва вояга етмаган болалар томонидан содир этилаётган жиноятлар, ўз жонига қасд ва суиқасд ҳолатларининг олдини олиш, нотинч оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, руҳий тушкун ҳолатдаги хотин-қизларни ижтимоий-психологик ҳимоя қилиш ишларини тизимли амалга ошириш;

4. Маҳаллаларда тиббий патронаж хизматлари орқали руҳий ҳолатида ўзгариш, муайян томонга оғиш ҳолатлари юзага келган фуқароларни вақтида аниқлаш, уларнинг оилаларига тиббий-психологик хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

5. Ёш никоҳланувчилар учун маҳаллалар ёки ФҲДЁлар қошида оила муқаддаслигини эътироф этувчи ўқувлар ташкил этиш;

6. Жойларда ташкил этилган “Аёллар маслаҳат марказлари” иш фаолиятини такомиллаштириш;

7. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда чуқур дунёқараш ва тафаккур юритиш қобилиятини ўстириш учун “Китобхонлар ҳафталиги”, “Китоб – тафаккур хазинаси” кўрик-танловларини  мунтазам ўтказиб боришни йўлга қўйиш. Мактаб кутубхоналари, ахборот-ресурс марказлари китоб фондини замонавий бадиий ва энциклопедик адабиётлар билан бойитиб бориш чораларини кўриш;

8. Маҳаллаларда тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож, жумладан, имконияти чекланган аёллар ва болаларга манзилли ёрдам бериш чораларини кўриш;

9. Фарзандлари таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратган, уларнинг турли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаган ота-оналарни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, телевидениеда айни мавзуга қаратилган кўрсатувлар сонини кўпайтириш;

10. Инсон маънавиятига, ёшлар руҳиятига салбий таъсир этаётган турли омилларни имкон қадар бартараф этиш чораларини кўриб, хусусан, санъаткорларнинг ўзларини тутишлари, кийинишлари ва улар куйлаётган мусиқа матнининг мазмунига жиддий эътибор қаратиш;

11. Таълим муассасаларида қизларни турмушга тайёрлаш, эрта никоҳ, репродуктив саломатлик, гигиена масалалари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Оила мактаби” махсус курсларини жорий этиш;

12. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда телевидениенинг ролини кучайтириш, турли тоифадаги ёшлар учун қизиқарли ҳамда тарбиявий аҳамиятга эга фильмлар ишлаб чиқилишини тизимли йўлга қўйиш, кечки ва тунги вақтда дидактик аҳамияти юқори бўлган миллий ва жаҳон киноси дурдоналари, ўйин шаклидаги дастурлар ва тарбиявий-ижтимоий роликлар намойишини кўпайтириш ҳамда санъаткорларнинг кийиниш маданиятига нисбатан бадиий кенгаш томонидан назоратни кучайтириш;

13. Таълим муассасаларида ўтказиладиган маънавият соатларида ёшларга оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, ўз жонига қасд қилишнинг оқибатларини кенг тушунтириш, бу борада ислом динининг маърифий-тарбиявий аҳамиятидан унумли фойдаланиш;

14. Газета ва журналларда никоҳ ва оила муносабатлари, талоқ, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг салбий оқибатларини диний-маърифий йўл билан тушунтиришга қаратилган кичик рукнлар ташкил этиш бўйича тавсиялар бериш, шунингдек, мазкур мавзуларни кенг аҳоли онгига чуқур сингдиришга қаратилган кичик рисолалар, қўлланмалар нашр эттириш ва тарқатиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир;

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 175-сонли қарори ижросини қатъий назоратга олиш;

16. Ўқувчилар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда “Ота-оналар кенгаши” фаолиятидан самарали фойдаланиш;

17. Таълим муассасалари психологларининг балоғат босқичидаги ҳамда оила қуриш ёшидаги йигит-қизлар билан индивидуал ва жамоавий ишлаш, ёшлар онгига никоҳ ва оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти каби тушунчаларни етказиб беришдаги малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

18. Ота-оналар, нотинч оилалар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар, оммабоп қўлланмалар нашр эттирилиб, ўқув йилининг бошида ўтказиладиган ўқитувчилар Август конференциялари иштирокчиларига тақдим этиш;

19. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўқувчи ва ўқитувчиларнинг кийиниш ҳамда муомала маданияти юзасидан қўшма қарор қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш; 

20. Жойларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Аҳолини ижтимоий-муҳофаза қилиш ва бандликка кўмаклашиш бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тадбиркор аёл” ва “Ҳунарманд” уюшмалари, Савдо-саноат палатаси каби жамоат ташкилотлари томонидан уюшмаган ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича аниқ натижали ишларни йўлга қўйиш;

21. Марказий телевидение ва радио орқали “Ҳаёт - энг улуғ неъмат”, “Психолог соати”, “Психолог маслаҳати” мавзуларида кундалик кўрсатув ҳамда радио эшиттиришлар, ижтимоий роликлар намойишини ташкил этиш;

22. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, муаммоли вазиятларни бартараф этишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотларни мунтазам ва тизимли олиб бориш;

23. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга ажратилаётган кредитларнинг манзилли етиб бориши, ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақида доимий янгиланиб борувчи мониторинг тизимини яратиш.

Top