15:43 / 20.05.2017
8351

Тошкент вилоятида автомобиль ўғриси ушланди

Фото: 123RF

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида тунги тадбирда хизмат олиб бораётган ходимлар эътиборини шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида жойлашган деҳқон бозори яқинида “Тико” русумли автоулов атрофида куймаланиб юрган кишининг беўхшов хатти-ҳаракатлари тортади, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Ярим тунда ҳамма уйқуга чўмган бир пайтда, автоулов эшигини очиб ёпаётган бу кишининг бежо боқишлари зийрак ходимларда шубҳа уйғотади. 

-Тинчликми ака, ёрдам керак эмасми, автоуловигиз бузилиб қолдими?- дея савол беради ички ишлар органлари ходимларидан бири.

-Тинчлик, ўзим шундоқ..., -дейди ҳалиги киши қўлидаги калитни автоулов эшигига суқаркан тутилиб. Шундай қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг зийракликлари боис ушбу жиноий ҳаракатга барҳам берилди. 

Ангрен шаҳар 3/2-дахаси 3-уй 2-хонадонда яшовчи 1982 йилда туғилган Рашид Мажитовга (исмлари ўзгартирилган) тегишли «ТИКО» русумли 10 Т 653 МА давлат рақам белгили автоуловини Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи вақтинча ишсиз 1982 йилда туғилган Б.Ш олиб кетаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. 

Албатта, жиноятни содир этган ҳар бир шахс ўз қилмишларига яраша қонун олдида жавоб берадилар. Шу ўринда,  фуқароларимиз ҳам «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма» нақлига амал қилиб, автомашиналарини қаровсиз қолдирмасалар, автомашиналарига огоҳ-ташхис ускуналарини ўрнатган ҳолда, автомашина тўхташ жойларига қўйсалар фақат ўзлари учун фойдадан холи бўлмайди.

 

Top