21:21 / 21.05.2017
70741

Ҳаётга ташналик акс этган суратлар

Инсоният табиатни фаол ўзига бўйсундирмоқда, бироқ бунинг нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳар доим ҳам ўйламайди. Халқаро сув ресурслари ва атроф-муҳит бошқаруви институти жамоатчилик эътиборини экология муаммоларига қаратиш учун нуфузли фототанлов ўтказади.

Институт ходимлари ўнинчи юбилей танловга ҳакамликка машҳур актёр Стивен Фрай ва «Ҳалокатли ҳайвонлар» телекўрсатуви юлдузи Стив Бэкшални таклиф қилишди. «Лента.ру» ғалабага даъвогарлик қилаётган суратлар билан бўлишди.

«Ўз дунёсида бахтли»

Фото: Abhijit Nandi / CIWEN

Ҳиндистон, 2008 йил

Аёл машаққатли иш кунидан кейин фарзанди билан шоли даласидан қайтмоқда. Сурат қаҳрамони уни суратга олишмоқчи эканига ишонгиси келмаган ва бунга жавобан кулиб қўйган.

«Нурлар парвози»

Фото: Florian Schulz / CIWEN

Калифорния, 2010 йил

Сурат муаллифи Флориан Шульцнинг айтишича, Калифорния қирғоқлари узра парвоз қилиб юрганида тўқ рангли улкан доғга кўзи тушган - кейин билса, у скатлар галаси экан. Маҳаллий аҳоли нима учун улар бир йўналишда синхрон сузишини изоҳлай олмади.

"Мен дунё океанида биз ҳали ўрганишимиз керак бўлган сирлар кўплигини тушундим. Умид қиламанки, вақт ўтгач уни қандай қутқариш мумкинлигини англаш учун етарли даражада ўрганамиз".

«Шафқатсиз дунё»

Фото: Sudipto Das / CIWEN

Ҳиндистон, 2007 йил

Сурат муаллифи Судипто Дасанинг сўзларига кўра, тасвир учинчи дунё мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати - уй-жойнинг йўқлиги, гигиена муаммолари, касаллик хавфи ва ҳимоясиз болаларга нисбатан зўравонлик муаммоларини акс эттиради. Худди бу болакай каби...

«Юлдузлар ҳақида гап кетганда»

Фото: Vitali Nicolai Bolucevschi / CIWEN

Молдава, 2009 йил

Бир куни сурат муаллифи чумолиларни муҳрламоқчи бўлди, лекин ҳашаротлар жуда тез югурарди.

Чумолилар гуруҳи бирин-кетин момақаймоққа чиқа бошлади. Ҳар бири гулдан биттадан уруғ узиб кетарди, кейин эса шиддат билан худди парашютдаги каби ерга шўнғиб кетарди. Сураткаш бу жараённи муҳрлашнинг уддасидан чиқа олмади, бироқ у гуруҳнинг сўнгги чумолилари чўққида турганида фотоаппарат тугмасини босишга улгурди.

«Ҳаёт излаб»

Фото: Mohammad Fahim Ahamed Riyad / CIWEN

Бангладеш, 2014 йил

Ўт ўчирувчи Даккадаги ёнғиндан кейин вайроналар орасидан омон қолганларни изламоқда. Олов 400 дан ортиқ уйларни йўқ қилган, тўрт киши, шу жумладан 6 ёшли бир бола ҳалок бўлган. Мамлакат ҳукумати қурбонлар ҳақида расман маълумот бермади, ёнғин сабаблари ҳануз номаълум.

«Бошпанасиз қолганлар»

Фото: Chan Kwok Hung / CIWEN

Непал, 2011 йил

Ҳонгконглик сураткаш Чан Квок Хун бу суратни Катманду шаҳрида олган. Болалар бувиси билан яшайдилар, ҳар куни сотишга ёки егуликка алмаштиришга арзигулик бирор нима топиш илинжида қўшни чиқиндихонани титишади. Агар уйга қуруқ қўл билан қайтишса, уларни аёвсиз савалашади. Сураткаш бир пачка печенье ва бироз пул бериб, уларга ёрдам қўлини чўзган кам сонли кишилардан бири бўлди.

«Чанг-тўзонга қоришиб кетди»

Фото: Michele Palazzi / CIWEN

Мўғулистон, 2012 йил

Италиялик Мишель Палацци Гоби чўлида қум бўрондан ҳимоя излаётган ака ва сингилни объективга муҳрлади.

«Тарвузларга сув»

Фото: Uttam Kamati / CIWEN

Ҳиндистон, 2015 йил

Уттам Камати Ғарбий Бенгалия штатида қўлбола сув қувури ва Тиста дарёси суви ёрдамида тарвуз ҳосилини қутқаришга ҳаракат қилаётган оилавий жуфтликни муҳрлади.

«Ёввойи табиатдаги ёнғин»

Фото: Sara Lindström / CIWEN

Канада, 2016 йил

Канадалик Сара Линдстрём Жанубий Африкадаги ўқув машғулотлари вақтида 50 мамлакатни айланиб чиқди, лекин энг яхши расмлардан бирини ўз ватанида олди.

"Июлнинг мислсиз жазирама кунларида Альбертнинг провинциясида катта-катта тутунларга дуч келдим. Улар осмон қадар кўтарилаётган эди, гулханлар эса қовжираган ерни куйдираётганди. Мен даҳшатга тушдим", - дея хотирлайди қиз.

Top