22:31 / 21.05.2017
17806

Боку—2017. Турнир якуни арафасида яна икки медаль қўлга киритилди

Бугун 21 май куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг ўнинчи кунги мусобақалари давом этди.

Бугунги мусобақалар дастурида Ўзбекистон термаси таркибида фақат теннисчилар медаллар учун баҳсларга киришишди. 4 нафар теннисчи терма жамоага 2та кумуш медаль келтирди.

Аввалига Сабина Шарипова яккалик мусобақасининг ярим финалида Туркия вакили Берфу Ченгизга қарши кортга чиқди ва 4:6, 6:7 ҳисобларида мағлуб бўлди. 

Куннинг иккинчи ярмида жуфтлик баҳсларида финал учрашувлари ўтказилди. Сабина Шарипова ва Полина Меренкова жуфтлиги Аксу Айла ва Берфу Ченгиздан иборат туркиялик теннисчилар жуфтлигига 3:6 ва 5:7 ҳисобларида ютқазди. Натижада бу жуфтлик кумуш медаль билан тақдирланадиган бўлди.

Амал Султонбеков ва Саидаъло Саидкаримовдан иборат эркаклар жуфтлиги ҳам финалда ютқазди. Ўзбекистон вакиллари Илхан Агабигун ва Алтуқ Челикбилекдан иборат туркиялик теннисчиларга 2:6, 2:6 ҳисобларида имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланишди.

Айни дамга келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 62тага етган (15та олтин, 17та кумуш ва 30та бронза). Ўзбекистон 57 давлат орасида тўртинчи ўринда жойлашган.

22 май куни турнирнинг охирги баҳслари ва ёпилиш маросими ўтказилади.

Top