21:52 / 21.05.2017
10016

Идлибда юз берган портлашда 45 киши ҳалок бўлди

Фото: AP Photo / Hassan Ammar

Суриянинг шимолидаги Идлиб вилоятида "Аҳрор аш-Шом" гуруҳи бош қароргоҳи яқинида содир бўлган портлашда камида 45 киши ҳалок бўлди ва 30 га яқин киши яраланди, деб хабар берди РИА “Новости” ахборот агентлигига маҳаллий манба.

"Аҳрор аш-Шом" Сурия мухолифатининг энг йирик гуруҳларидан бири бўлиб, Идлибда жойлашган.   

"Идлибнинг шарқидаги Серакабда "Аҳрор аш-Шом"га тегишли "Ислом жафокашлари бригадаси" штаби нишонга олинган портлашда 45 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши яраланди", деб айтди манба.

Манба ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли вакиллари борлиги ёки фақатгина гуруҳ орасидан йўқотиш бўлгани борасида аниқлик киритмаган. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида "Аҳрор аш-Шом"нинг қўмондонларидан бири бўлган. 

Портлаш учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. Бироқ гуруҳнинг ўзида ҳужум ортида ИШИД террорчиси тургани айтилган. Гуруҳнинг тахминича, террорчи дастлаб штаб олдида миналаштирилган мотоциклни қолдириб, сўнгра штаб ичига кириб, мотоциклни баданига маҳкамланган портловчи қурилма билан бирга портлатган.

Top