21:26 / 22.05.2017
28629

Май бошида вафоти эълон қилинган Туркманистон бош вазири ўринбосарининг ўлими сабаби маълум қилинди

3 май куни вафоти эълон қилинган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ботир Эрешовнинг ўлими сабаби маълум қилинди. Таъкидланишича, Эрешов ўзини осиш орқали жонига қасд қилган. Бу ҳақда 21 май куни "Хроника Туркменистана" мустақил веб-сайти маълум қилган. 

52 ёшли Эрешовнинг ўлими ҳақида 3 май куни маълум қилинган. "Туркманистон-Олтин аср" давлат ахборот агентлиги Эрешовнинг бевақт ўлими юзасидан таъзияномани чоп этган. Бироқ Эрешовнинг ўлими сабаби маълум қилинмаганди. Таъзиянома Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов бошчилигида ҳукуматнинг бир гуруҳ аъзолари томонидан имзоланган бўлган. Таъзиянома марҳумнинг қисқача биографияси кўринишида баён қилинган бўлиб, унда Эрешов қобилиятли раҳбар, юқори малакали мутахассис ва олижаноб одам деб аталган.   

Эрешов 2014 йил июлидан бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб келган.

Сайтнинг маълум қилишича, Эрешов саноатни назорат қилган. Тахмин қилинишича, у Туркманистондаги аксилкоррупцион кампания давомида қўзғатилган ишлардан бирининг фигурантига айланган бўлиши мумкин. Унинг ўғли апрель охирида ҳибсга олинганди.   

Таъкидланишича, Эрешов аждодлари дафн қилинган Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги қабристонлардан бирига кўмилган. 

Top