17:19 / 22.05.2017
42734

Жаҳон ҳалол туризм рейтинги эълон қилинди: рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор

Дунёда 1,6 млрд мусулмонлар истиқомат қилади. Уларнинг 50 фоизи 30 ёшгача бўлганларни ташкил этади. Улар жаҳон сайёҳлик индустриясида мусулмон сайёҳлик сегменти тез суръатларда ўсишига ҳисса қўшмоқда. 2016 йилда халқаро миқёсда саёҳат қилган мусулмон сайёҳлар 121 млн кишини ташкил этган бўлса, ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилга келиб уларнинг сони 156 млн кишига етиши тахмин қилинмоқда.

Global Muslim Travel Index рейтингида айнан глобал мусулмон сайёҳлигидаги кўрсаткичлар акс эттирилди. MasterCard халқаро тўлов тизими билан ҳамкорликда ташкил этилган ижтимоий тадқиқот CrescentRating сайтида эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 29-ўринга муносиб кўрилди. 

Мусулмон давлатлари орасидаги рейтингда биринчи ўринга учинчи йилдирки Малайзия жойлаштирилган. Унинг ҳисобида 82,5 балл бор. Иккинчида 76,9 балл билан БАА турибди. Индонезия 72,6 балл билан учинчи ўринни эгаллаган.

Илк ўнликка, шунингдек, Туркия, Саудия Арабистони, Қатар, Марокаш, Баҳрайн, Уммон ва Сингапур ҳам киритилган. 

Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида энг яхши натижани Қозоғистон намойиш этиб, у 17-ўринга жойлашган. Қирғизистон 25-, Тожикистон 26-ўринда. 

Россия 43-ўринни банд этган. Грузия ва Украинада мусулмон сайёҳлиги учун ҳолат Россиядагидан ёмонроқдир. Бу мамлакатлар 59- ва 116-ўринларни эгаллашган.
 
Умуман, Global Muslim Travel Index рўйхатига 130та давлат киритилган. Улар мусулмонлар учун оилавий дам олиш қулайлиги, хизматлар сифати ва сервис имкониятлари, хусусан, ҳалол маҳсулотлар кўплиги, сайёҳларни жойлаштириш бўйича имкониятлар ва маркетинг дастурлари бўйича таққосланган. 

Top