19:49 / 23.05.2017
6848

Дунёнинг етакчи компанияларидан бири – SAPнинг хорижий эксперти билан махсус интервью

Бугунги кунда HR соҳаси мамлакатнинг барча соҳаларида муҳим аҳамият касб этади. Буни яқиндагина DaVinci Solutions компанияси томонидан ўтказилган “Ўзбекистонда энг талабгир бўлган мутахассислар” тадқиқоти орқали ҳам билиш мумкин. Унга кўра, компаниялар, давлат ташкилотларида айнан, HR директори ва ходимларига бўлган эҳтиёж катта эканлигини кўриш мумкин.

SAP — корпоратив дастурлар бозоридаги дунёнинг энг етакчи компанияларидан бири. SAP ҳар қандай ҳажм ва ихтисослашувдаги ташкилотларга ўз бизнесини самарали бошқаришга ёрдам беради.

Ҳозирги кунда SAP хизматларидан 345 000 ортиқ мижоз фойдаланади. Компаниянинг илғор технологиялари юқори даромадни кафолатлайди ҳамда барқарор ўсиш ва доимий мослашувга ҳисса қўшади.

Бугун биз жаҳонга машҳур компаниянинг энг фаол экспертларидан бири билан суҳбат қуриб, HR (инсон ресурслари) соҳасидаги ўзгаришлар, ходимлар билан ишлашдаги янги инновацион технологиялар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик.

Танишинг: Андрей Куликов – SAP компаниясининг бизнес-трансформация бўйича эксперти. У мижозларга HR трансформациясининг стратегик режаларини тузишга, режалаштирилган ўзгаришлар самараси ва натижасини ҳисоблашга ёрдам беради.

Андрей Куликов Курск Давлат университетининг информатика мутахассислигини тамомлаган. У ходимлар бошқаруви учун дастурий таъминотни киритиш соҳасида 13 йилдан ортиқ фаолият олиб бормоқда. 2014 йилдан бери Германияда яшайди. Россия, МДҲ, Марказий ва Шарқий европалик мижозлар билан ишлаб келмоқда.

- Рақамли технологиядан фойдаланиш кадрлар бошқаруви жараёнига қандай таъсир кўрсатади? АТ ускуналари ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларни қуришга қанчалик ёрдам беради?

- Кадрлар бошқаруви жараёни рақамлаштирилмаса, у самарали ишламайди. Агар гап 10-20 ёки 40 та ходимдан иборат компания хусусида бораётган бўлса, албатта, барчасини қўлда бажариш мумкин. Бироқ компания ўсиб борса ва янада рақобатбардош бўлишни истаса, эртами-кечми қуйидагича савол пайдо бўлади: кадрларни бошқариш жараёнини қандай қилиб тезлаштириш, осонлаштириш ҳамда харажатларни камайтириш мумкин? Исталган бизнес пулларни ҳисоблаб боради. Бизнинг вазифамиз эса компанияга керакли рақамли ускунани танлашига ёрдам беришдир. Бу жараён бошқача қилиб – HR трансформация деб ҳам аталади. Барча жараённи автоматлаштирган ҳолда биз тезкор, самарали ва тежамкор жараённи йўлга қўйишимиз зарур.

- HR соҳасида рақамли ускуналар орқали ҳал этилувчи муҳим вазифалар нималардан иборат?

- Бизга маълумки, исталган жараён инсон томонидан бошқарилади.  Жумладан, HR мутахассислар ходимлар билан суҳбат қуради, уларнинг маошлари, тажрибаси, муаммолари билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилади.  Бироқ бу иш катта ҳажмдаги маълумотлар базасини юритиш билан боғлиқ. Менежер тажрибали ходим ишга олинишини сўрайди, ходим эса, ўз навбатида, етарлича маош олишни истайди. Раҳбар эса директорлар кенгашида даромадлар фоизи ошишини талаб қилади.

Шундай вақтда HR рақамли технологияларни қўллаш талаб этилади. Автоматлаштириш - исталган компаниянинг ажралмас қисмидир. Бу ерда нафақат ишлаб чиқариш, балки инсонлар билан ишлаш жараёни ҳам автоматлаштирилади. Шу сабабли оддий ва тушунарли интерфейсларни жорий қилиш катта аҳамиятга эга. Инсон капитали – компанияни муваффақиятга етакловчи асосий омил.

- Инновациялар орқали қандай натижаларга эришиш мумкин?

- Ўз бизнеси доимо ривожланиб боришини истаган раҳбарлар қайта ишлаш ва ўзгариб боришга, таваккал қилишга тайёр туради. Кадрлар бошқаруви ҳам доимо янгиланиши ва яхшиланиши зарур. Чунки бозор ўзгариб боради. Ўзида янги инновацияларни жорий қилган рақобатчилар яхши ходимларни илиб кетади ва сиз энг ёмон номзодлар билан қоласиз. Аввалги даврларда, ёши катта кишилар бир ерда керак бўлса, 40 йилдан ортиқ муддатда фаолият олиб боришган. Ҳозирги замонавий ёшлар эса ўз ишини бутун ҳаётлари давомида 15-17 мартагача ҳам алмаштиришга тайёр.

Агар биз яхши кадрларни қайта тайёрламай, ўқитмай, уларнинг эҳтиёжини қондирмасак, ходим билан бирга унга сарфлаган вақтимиз, харажатларимизни ҳам йўқотамиз. Шунинг учун, ҳозирги вақтда инсон ресурлари билан ишлаш жараёни инновацион бўлиши жуда зарур.

- Компания ходимлари инновацион технологиялар ва ёндошувларни қандай қабул қилмоқда?

- Бу албатта, ишчиларнинг ёшига бевосита боғлиқ. Катта ёшдагилар анчайин консерватив бўлиб, ўзгаришга тайёр эмас. Улар компьютер, янги технологиялар билан яхши «тил топиша олмайди». Ёшлар учун эса бу очиқ ва табиий ҳолат. Улар мобил дастурлар орқали ишхонада содир бўлаётган кўплаб жараёнлардан хабардор бўлиши мумкин. Бироқ ёши катталар ҳам вақт ўтган сайин бунга кўника бошлайдилар. Бу, асосан, инсонни психологик феъл-атворига боғлиқ. Биз доим янгиликларга қаршилик кўрсатишга одатланганмиз.

Айни шу дамда раҳбарлар, тадбиркорлар, иш бошқарувчилар ўз истаги, иштиёқи билан компанияда ишлаётган барча ходимларига «ўзгариш маданияти»ни сингдира олиши лозим. Фикримча, ўзида ўқита олиш, ривожланиш, жамоа билан ишлаш кўникмаларини шакллантирган раҳбар қўли остидаги издошларини ҳам инновация жараёнларига мослаштира олади. Ўзбекистонда эса бошлиққа бўлган ҳурмат, яхши муносабат бу борада яхши кўмак беради.

- Катталарни тажрибасини оширишда қайси усуллардан фойдаланиш яхши самара беради?

- Кўпчилик тренинг, семинарлар, ўқув курслари ташкил этади ва буни малакани оширишда жуда ҳам аҳамиятли, деб ҳисоблашади. Менинг фикримча, энг яхши ёндошув – бу иш жараёнидаги маҳорат ошириш дарсларидир. Бунда компания ичидаги энг зийрак, ақлли ходимлар танлаб олинади ва улар ҳамкасбларига янги технологиялар бўйича маълумот беришади. Агарда ходим бир кунлик иш вақтини сарфлаб, ҳужжатларни киритса, янги технологиялар ёрдамида бу ишни иккита тугмани босган ҳолда икки дақиқада бажара олиш имконига эга. Бу каби афзалликларни англаган ишчилар, албатта, ўз-ўзидан янги технологияларнинг самарасини ҳис этади ва ўрганишга киришади. Ички тренинглар жамоавий руҳни ҳам шакллантиришга хизмат қилади.

Бунинг учун раҳбарият алоҳида эътибор ва вақт ажратиши зарур.

- Айтингчи, айни дамда кадрлар бошқаришда қайси рақамли ускуналар машҳур?

- Ҳозирда дунёда турли ускуналардан кенг фойдаланилади. Улардан учтасини мисол қилиб келтириб ўтиш мумкин:

1. Машина таълими. Замонавий компьютерлар шунчалик кучлики, улар катта ҳажмдаги маълумотлар базасини таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва йиғишга қодир. Машина таълими барча соҳаларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

2. Интернет буюмлар. Бу катта тушунчани ўз ичига камраб олади. Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, интернет буюмлар инсонларнинг мобил иловалари ҳамда HR тизимни бирлаштиради.

3. Катта маълумотлар. Таҳлил. Бу кадрлар бошқарувида жуда катта аҳамиятга эга. Барча компаниянинг ходимлар тарихини қайд этиб борувчи маълумотлар омбори мавжуд: ким ишга олинди? Маоши қанча? Нима сабабдан ишдан бўшади? Биз мана шундай маълумотларни йиғаётиб, уларни таҳлил қилиш, муаммони ўрганиш имконига эга бўламиз. Бу орқали эса ходимлар ишини кузатишда ва уларга керакли шароитларни яратиб беришга муваффақ бўламиз. Бизда маълумотлар бор, фақат уни қайта ишлай олишимиз зарур.

- Хорижий эксперт сифатида, Ўзбекистонда ходимлар билан ишлаш бўйича қандай маслаҳат ва тавсияларни бера оласиз?

- Фикримча, Ўзбекистоннинг бу борада салоҳияти катта. Сабаби, аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади ва бу ёшлар, албатта, иш билан таъминланиши зарур. Улар яхши ҳаёт кечиришни, катта маош олишни исташади. Бу борада мен раҳбарлар ва давлат идораларининг тез-тез аралашувини ёқламайман. Ўзбекистонда ёш кадрларни ишга жойлаш, уларни иш жараёнига мослаштириш, малакасини ошириш учун катта сармояларни амалга ошириш зарур. Хусусий бизнеслар орқали ёшларга ёрдам бериш учун турли лойиҳаларни жорий қилиш керак.

Агар мамлакатда кадрлар билан ишлаш учун замонавий шарт-шароитлар жорий қилинмаса, ёшлар ўз юртини ташлаб кетишга, яхшироқ иш топишга мажбур бўлади. Осиё давлатларининг, жумладан, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Филиппин муваффақиятли тажрибаси бу борада яхши мисол бўла олади. Улар таълим тизимига катта ўзгаришлар киритиб, инсонлар учун инвестициялар ажратишди. Ўйламайманки, Ўзбекистон ҳам мана шу йўлдан бора олади.

Top