12:29 / 23.05.2017
15339

Учтепа туманида товламачилик учун туҳмат қилган аёл қамоққа олинди

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳрида товламачилик учун туҳмат қилган фуқаро фош этилди, деб хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.

Маълум бўлишича, 2017 йил 22 март куни Учтепа тумани ИИБга фуқаро Раъно Умидуллаевна Қодирова ариза билан мурожаат этиб, ўз аризасида 2017 йил 21 март куни соат тахминан 24:00 ларда, ISUZU автоуловида йўловчи сифатида кетаётган вақтида, икки нафар номаълум шахслар куч ишлатишиб, унинг курткасидан 470.000 сўмлик "SAMSUNG GALAXY MINI 3" русумли уяли телефон аппаратини ва 200.000 сўм пулларини очиқдан-очиқ эгаллаб, яширинишганлигини маълум қилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “в” банди  билан (талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб талон-торож қилиш) жиноят иши қўзғатилган эди. 

2017 йил 21 май куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, фуқаро Р.У.Қодирова ғаразли ниятларда гуёки автоулов ҳайдовчиси унга нисбатан талончилик жинояти содир этилганлигини кўрсатиб, туҳмат қилиб, ёлғон хабар ва кўрсатув бериб, товламачилик йўли билан пул талаб қилганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.У.Қодирова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139, 237 ва 238-моддалари билан (Туҳмат қилиш, ёлғон хабар бериш ва ёлғон гувоҳлик бериш) жиноий жавобгарликка тортилган.

Унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Top