11:10 / 24.05.2017
13712

Пхеньян: АҚШ Россия ва КХДР ҳамкорлигига халақит қилишга уринмоқда

Фото: © Sputnik / Andrey Olfert


АҚШ Владивосток ва Ражин шаҳарлари ўртасида паромлар қатнови йўлга қўйилганидан сўнг, "ёлғон айбловлар" билан Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка халақит қилишга уринмоқда. КХДР ТИВ вакилининг шу ҳақдаги баёнотини Корея Марказий телеграф агентлиги (КМТА) эълон қилди

Баёнотда айтилишича, "АҚШ ўз гумашталари ёрдамида Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка барҳам беришга ҳамда КХДРни иқтисодий жиҳатдан бўғишга уринмоқда". ТИВ вакилининг қўшимча қилишича, доимий йўловчи кема қатновининг бошланиши "икки мамлакат ўртасидаги оддий иқтисодий ҳамкорликдир".

Ўтган ҳафтада Владивосток ва Ражин портлари орасида "Мангёнбон" пароми қатнови йўлга қўйилди. Буни Япония томони турлича қабул қилди. Чунки, КХДРга нисбатан жорий қилинган халқаро санкциялар доирасида бу каби кемаларнинг портларга кириши тақиқланган. Шимолий Кореянинг Насон шаҳри ва унинг бир қисми бўлган  Ражин тумани музламайдиган порти билан имтиёзли иқтисодий ҳудуд мақомига эгадир. 

"Мангёнбон" йўловчи кемаси 2006 йилгача Япониянинг Ниигата портига қатнаб турган, бироқ кейинчалик Япония ҳукумати унинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бунга Шимолий Кореянинг ўрта ва узоқ масофаларга уча оладиган баллистик ракеталар синовини ўтказгани сабаб бўлди. Бу сафар Япония Россия ва КХДР ўртасида кема қатнови йўлга қўйилганини ушбу икки давлат ўртасида иқисодий алоқалар мустаҳкамланиши деб баҳоламоқда. 

Дастлабки вақтларда кемада Хитойнинг Хуньчун ҳудуди сайёҳларини ташиш режалаштирилган. Ражин ва Хуньчун шаҳарларини 100 километрлик бетон йўл боғлайди. Бундан ташқари, россиялик сайёҳларни Ражинга олиб келиш белгиланган. 

Top