18:53 / 25.05.2017
56196

3 кун ичида 2 нафар сохта “милиционер” фош этилди

2017 йилнинг 21 май куни тахминан соат 02:00 да, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан Юнусобод туманида жойлашган “Уч Қахрамон” йўл патрул хизмати масканида давлат рақам белгиси 01 Н 352 GA бўлган «Матиз» русумли автоулов тўхтатилган. Унинг ҳайдовчисидан ҳужжатлар сўралганда, Анвар Тожибоевич Тўрақулов ўзини ички ишлар ходими деб таништириб, хизмат гувоҳномасини тақдим этган. Хизмат гувоҳномасининг ҳақиқийлиги ички ишлар ходимларида шубҳа  уйғотганлиги сабабли Тўрақулов ИИБга олиб борилиб, ушбу гувоҳнома олиб қўйилган. 

Олиб борилган тергов олди суриштирув жараёнида гувоҳнома А.Т.Тўрақуловнинг  марҳум отасига тегишли бўлганлиги ва унга ўзининг фотосуратини ёпиштириб, сохталаштирганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми (сохталаштирувчининг ўзи фойдаланиш мақсадида расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Иккинчи ҳолат 2017 йил 23 май куни соат 20-30да Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида қайд этилган. Унда «Матиз» русумли автоулов тўхтатилиб, ҳужжатларни текшириш давомида ҳайдовчи Республика ИИВнинг майор унвонидаги ички ишлар идоралари ходими деб таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатган. Олиб борилган суриштирув жараёнида мазкур шахс ҳеч қаерда ишламайдиган Ҳидоятов Файзулла Шукруллаевич эканлиги ва унинг хизмат гувоҳномасини қалбакилаштириш йўли билан фойдаланиб юрганлиги аниқланди. 

Тошкент ИИББда бўлиб ўтган брифингда маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатларни қалбакилаштирилганлигини билатуриб ундан фойдаланиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Шу муносабат билан, Тошкент ИИББ юқоридаги шахсларнинг ҳатти-ҳаракатидан жабр кўрган фуқаролар бўлса, “102” телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар идораларига мурожаат этишлари мумкин.

 

Top