14:32 / 25.05.2017
8421

Хоразмда “Paynet” шохобчасини “тозалаб” кетган йигитлар ушланди

Иллюстратив сурат. Фото: olx.uz

Ринат ҳамда унинг жиноий шериклари – Владислав Ни, Сергей Тян, Азиз Матяқубов ва Руслан Огай тунги соат уч яримларгача Урганч шаҳри кўчаларида санғиб юра-юра Хонқа кўчасидаги “Paynet” шохобчаси олдига келиб қолишди, деб ёзади “Постда” газетаси.

-  Болалар, ана мўмай даромад! – деди Ринат дўстларининг диққат-эътиборини ўзига қаратиб.

-  Қани, қаерда? – ён-атрофга олазарак кўз ташлади йигитлар.

-  Мана, рўпарангизда турибди!

-  “Paynet”ни айтяпсанми? – сўради Руслан ажабланганча.

-  Ҳа, - деди Ринат ўйлаб ҳам ўтирмай. – Атрофда ҳеч ким йўқ. Шундан фойдаланиб “тозалаб” кетамиз. Қарабсизки...

-  Бу фикрингга қўшилмайман. Қилмишимиз фош бўлса, қамаламиз.

Бошқа йигитлар ҳам Русланнинг гапини маъқуллашди.

-  Чумчуқ “пир” этса, юракларинг “шир” этаркан-да! – дея мийиғида кулди Ринат. – Атрофга қаранглар, ҳеч зоғ йўқ, нимадан қўрқасанлар. Гапни чўзмасдан атрофни диққат билан кузатиб туринглар. Мен бир зумда “ўлжа”ни қўлга киритаман, ўртада “арра” бўлади, келишдикми?!

Шайтон феълига кирган йигитлар мўмайгина даромадни эшитиб, рози бўлишди ва атрофни кузата бошлашди. Ринат эса “Paynet” шохобчасининг орқасига ўтиб, пластикдан ясалган пастки деворга бир тепди-да, ичкарига киргудек тешик ҳосил қилди. Сўнг ичкарига кириб, стол устида турган компьютерни Русланга узатди. Стол тортмасидаги интернет модеми, 12 дона интернет карточкаси ва 46 минг сўм пулни шошилганча чўнтагига солди. Шу пайт атрофни кузатиб турган шерикларидан бири кимдир келаётганини айтиб қолди. Улар бир зумда кўздан ғойиб бўлишди.

Кўп ўтмай Хонқа кўчаси бўйлаб хизмат вазифасини ўтаётган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони 1-отряд милиционерлари – сафдорлар Сарварбек Сотлиқов ва Санжарбек Бекчонов уларга рўбарў келиб қолди. Осойишталик посбонларига кўзи тушган йигитлар орқасига қарамай қоча бошлади. Кўп ўтмай улардан бири қўлга олинди ва шаҳар ИИБга олиб келинди. Дастлабки суриштирувдаёқ у жиноий шерикларининг кимлигини, қаерда яшашини, ўғирлик содир этилган жойнинг манзилини айтиб берди. Кўп ўтмай унинг ҳамтовоқлари ҳам қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди жиноий гуруҳ фаолиятини кўриб чиқди ва уларни қилмишига яраша жавобгарликка тортиш ҳақида ҳукм чиқарди.  

Top